Меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик айёми
  • 05 Март 2016

Меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик айёми

Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган халқ ўйинлари жуда кўп.

Айримлари ёшларнинг жисмонан соғлом, бақувват, эпчил бўлиб тарбияланишига хизмат қилса, бошқаси топқирликка ўргатган. Жумладан, ўғил болалар “Қиличбозлик”, “Чиллак”, “Тортишмачоқ”ни яхши кўришса, қизлар “Супур-супур”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Ҳаппак тош” каби ўйинларга қизиқишган. Булар болаларда ижтимоий фаолликни оширган.
Айниқса, Наврўз байрами кунларида турли-туман ўйинлар ўтказилади. Масалан, Чироқчи туманида ҳам бундай миллий анъаналар ҳозиргача сақланиб қолган. Қир-адирларда бўладиган беллашувларга чор-атрофдаги қишлоқлардан ёш-яланглар “оқиб” келади. Давранинг тўрида ўтирган нуронийлар эса болалик пайтларини эслашади.
— Узоқ асрлик тарихга эга бўлган халқ миллий ўйинлари жозибаси, ранг-баранглиги, ақлий, ахлоқий, жисмоний, эстетик ва руҳий тарбиядаги таъсири билан беқиёс аҳамиятга эга, — дейди Қарши давлат университети доценти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдиолим Эргашев. — Лекин ўйинлар ҳеч вақт эрмак бўлмаган, балки кишининг гўдакликдан ўсиб-улғайгунига қадар тарбия воситаси ҳисобланган. Болаликдан ўйинлар орқали ҳаёт воқеалари, табиат ҳодисалари, сўз қудрати, жамоавий муносабатлар ўргатилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг миллий қадриятларимизни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли Наврўз умумхалқ байрами теран моҳияти, чуқур фалсафаси, яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона янги йил дебочаси сифатида ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллади. У билан боғлиқ тадбирлар — кураш, кўпкари, пойга каби кўплаб халқ миллий ўйинлари, фольклор асарлари, расм-русумлар, урф-одатлар, қадриятлар тикланди ва улар ёшларни миллий ҳамда умумбашарий ғоялар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз  умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам ушбу жиҳатлар алоҳида қайд этилган.
Бинобарин, Наврўз — миллатнинг тарихини, халқнинг руҳиятини, эзгу анъаналарини ифода этган байрам. Шунинг учун ҳам Наврўзда халқнинг минг-минг йиллар давомида шаклланган қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ёдга олинади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Наврўз руҳи ва фалсафаси одамзодни табиат билан уйғун яшашга, жамиятимизда меҳр-оқибат, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан, айниқса, эътиборлидир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Буюк тафаккур соҳиблари Шарқ оҳанглари »