Таровати бетакрор, нафосати гўзал
  • 04 Март 2016

Таровати бетакрор, нафосати гўзал

Юртимизда баҳор. Дарахт новдаларида қувончларимиз сурати, жилға-ариқларда ширин туйғуларимиз тўлқини, далаю даштларда яшиллик оҳори, гурунг-гаштакларимизда, қадам-қулочларимизда бунёдкорлик сурури акс этгандек, гўё.

Навоий вилоятининг Нурота тоғ тизмалари ортида — Қизилқум томонларда ҳам юртдошларимиз кўнгилларида ана шундай шукуҳ ҳукмрон. Саҳро бўлишига қарамасдан, яшил тусда товланаётган кенгликлар баҳордан дарак. Қўй-қўзилар ортидан юрган чўпонларнинг “ҳой-ҳой”и қулоққа ёқимли эшитилади.

Чорвадорлар орасида бир гап бор: “Чўпоннинг бардоши қўйнинг туёғидан қаттиқ бўлсагина, бу касбнинг машаққатига чидайди”. Чиндан-да, чўпонликнинг заҳмати кўп. Катта сурувнинг ортидан юриш, қишнинг изғиринию ёзнинг жазирамасига чидаш осон эмас. Бундай меҳнат инсон иродасини, сабр-бардошини синовдан ўтказади. Айниқса, аёзли кунларнинг чўпонлар учун ўзига хос синовлари ва қийинчиликлари бор. Мана ўша кунлар ортда қолди. Президентимизнинг жорий йил 

19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур воҳада ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари қизғин тус олди.

Ўзининг кўрку таровати, нафосати, мазмун-моҳияти билан бунёдкорлик ва яратувчанликни, меҳр-мурувват ҳамда ҳамжиҳатликни, умуман, табиат уйғонишини ифодаловчи Наврўз асрлар давомида боқий қадрият, асл миллий байрамимиз сифатида яшаб келаётир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, чин маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Ўтмишда ҳамал буржига кирган вақтда тоғликлар кўч-кўронини далага олиб чиқиб, “Ҳамал кирди — амал кирди” дея баҳорги экин-тикин ишларини бошлаб юборганлар. Айни кунларда Қоратоғ ва Оқтоғ этакларидаги қўрғонлар ўз жозибасини кўз-кўз қилаяпти. Қишлоқлар, овуллар бири-бирига сира ўхшамайди.

Республикамизнинг ҳудудий жиҳатдан энг катта туманлари — Учқудуқ ва Томдида ҳам Наврўз айёми катта шодиёналар билан қарши олинмоқда.

— Байрам куни миллий таом — Наврўзгўжа тайёрланади, — дейди “Маҳалла” фонди Томди тумани бўлими раиси Дусенбай Кетибаев. — Бизда гўшт билан бирга, етти хил маҳсулот ишлатилган таом ўзгача таъмга эга. Чунки бу овқатлар “илигузилди” пайтида кишига қувват бағишлайди.

Шундан сўнг миллий ўйинларга навбат берилади. Масалан, ёш йигит-қизларнинг чавандозлик маҳоратини синовдан ўтказадиган “Қиз қуу” (Қиз қувди) ўйинида моҳир чавандозлар саралаб олинади. ўолиб бўлган йигит ёки қиз ўз шартини қўяди. “Алти бақан” ўйинида дўмбирада куйлар ижро этилади. Қизиқарли томони, қўшиқлар айтишда -йигит-қиз баҳслашади.

Овулларда ўтаётган халқ сайиллари “қора уй”, яъни ўтовларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўз-кўз қилинади. Турли ширинликлар билан дастурхонлар безатилади. Алпқомат йигитлар кураш тушишади, сулувлар дўмбиралар жўрлигида қўшиқлар куйлашади. Эндигина тетапоя қилаётган болакай қувончини нишонлаш мақсадида “Тушов кесар” удуми одатга айланган. Унда боланинг оёғига боғланган турли ранглардаги ипни овулда ҳурматга сазовор бўлган ёши улуғ оқсоқол қайчи билан кесиб юборади. Ушбу манзарани кузатиб турган эл-қариндошлар яхши ниятлар билдириб, рақсга тушишади.

Бугунги кунда аждодлардан мерос Наврўз ҳикматларини ардоқлаб келаётган чўлқуварлар ўзгача кайфиятда. Ўша куни қиз туғилса — Наврўзгул, ўғил бўлса — Наврўзбек, деб исм берилади. Байрам кунида момолар “Чақалоқни бешикка белаш” расм-русумини адо этиб, бешик устидан ширинликлар сочади.

Мухтасар айтганда, шодмон кунларни бағрига олиб кириб келаётган Наврўз элимизда ободончилик ва меҳру оқибат рамзи сифатида қаршиланади. Янги кун мукаррамлиги одамларни, яшариш, янгиланиш чўққилари сари етаклайди.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn