Муҳаббат ва ҳаёт куйчиси
  • 02 Март 2016

Муҳаббат ва ҳаёт куйчиси

Ҳар йилнинг 1 марти юртимизга фасллар келинчаги саналмиш баҳор кириб келганидан дарак бериши билан бирга, шу куни мамлакатимизда садоқат ва вафо куйчиси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган сана сифатида ҳам кенг нишонланади.

Анъанага мувофиқ, кеча пойтахтимизда ардоқли шоира ҳайкали ўрнатилган хиёбон байрамона тус олди. Бу ерда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, маҳалла фаоллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида “Зулфия доимо эъзозда” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси М. Аҳмедов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда барча соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёш авлод маънавиятини янада юксалтириш мужассам эканлигини таъкидладилар. Чунончи, миллий адабиётимиз равнақига, ижодкор зиёлиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик бунинг яққол исботидир.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 31 октябрдаги қарорига кўра, ўтган йили республикамизда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Хусусан, шоиранинг “Хотирам синиқлари” достони асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда спектакль саҳналаштирилди. Ижодкор шеърларидан иборат назм гулдастаси инглиз, қорақалпоқ, корейс тилларида нашр этилди. “Зулфия замондошлари хотирасида” китоби чоп қилинди. Интернет тармоғига киритилган www.zulfiyaxonim.uz сайти бугунги кунда шоира ижодининг мукаммал электрон мажмуасига айланди.

Президентимизнинг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган Фармони асосида мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши адабиёт, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида изланаётган, фаол, фидойи, ташаббускор ҳамда иқтидорли қизларни кашф қилишда муҳим аҳамиятга эга. Йилдан-йилга ушбу мукофотга муносиб, деб топилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Бу эса, ўз навбатида, баркамол авлод вакилларининг қалбида Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш истаги жўш ураётганини англатади. 

— Болалигимдан спортнинг синхрон сузиш тури билан мунтазам шуғулланиб келаман, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Тошкент туризм касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Хуршида Ҳакимова. — Шу пайтгача мамлакатимиз ва хориж давлатларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Ҳали олдинда йирик турнирлар кўп. Албатта, билдирилган ишончни оқлашга, азиз Ватанимизнинг муносиб фарзанди бўлишга астойдил интиламан. 

Тадбирда шоира ижодидан намуналар ўқилди. Таниқли хонандалар, ёш ижрочилар томонидан дилтортар куй-қўшиқлар янгради. Иштирокчилар Зулфия ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

* * *

Шу куни Ўзбекистон Миллий университетида ҳам “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Зулфия таваллудига бағишлаб видеоконференция ўтказди.

Юртимиздаги барча олий ўқув юртлари он-лайн тарзда қатнашган тадбирда атоқли ижодкорнинг бой мероси миллий маънавиятимизни юксалтириш, ёшларни комил шахс сифатида тарбиялашда муҳим ўрин тутиши эътироф этилди. 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn