Мунаввар тонг, мусаффо осмон
  • 26 Февраль 2016

Мунаввар тонг, мусаффо осмон

... Ҳадемай тўқсон баҳорни қаршилайдиган Расул ота Шукуров неча  йилдирки, бир одатни канда қилмайди: саҳарлаб ҳовли рўпарасидаги  боққа чиқади. Юртимизнинг  тинч ва осойишта яна бир тонги отганидан кўнгли хотиржам тортади. Қалбида шукроналик ҳиссини туяди.

— Президентимиз айтганларидек, Яратганнинг назари тушган заминда яшаймиз, — дейди отахон. — Бу тупроқнинг ҳар қаричи олтинга тенг. Ҳатто шўрхок ери ҳам меҳрингизга меҳр билан жавоб қайтаради. Мен бунга гувоҳман.

Расул отанинг бу гапни ишонч билан таъкидлаши бежиз эмас. Чунки бир пайтлар мўъжазгина ушбу боғ ўрни қамишзору юлғунзор эди. Ўқитувчиликдан нафақага чиққач, отахон “Шу ерда боғ яратаман” дея қўлига кетмон олди. Ўғиллари эса унга елкадош бўлди. 

Буни қарангки, кўп ўтмай шўрхок ер ўрнида кўзни қувнатадиган кўркам боғ яратилди. Энди унинг мевасидан қўни-қўшни, барча баҳраманд. Наврўзгача оила дастурхонидан боғнинг болдан ширин узуми аримайди. Ернинг меҳрга меҳр билан жавоб қайтаргани шу  эмасми?!Дарвоқе, Расул ота — ўзи истиқомат қилаётган  Бухоро туманидаги Хумин маҳалласининг пиру бадавлат қарияларидан бири. Хонадонда беш қиз, уч ўғил вояга етган. Улар олий ўқув юртларида таҳсил олишган. Ҳозир ҳаммаси эл-юрт хизматида. Неваралар тўпланишса, ҳовлига сиғмайди. 

— Шу кунларга етказганига шукр. Тинчлик-омонлик барқарор. Ҳаётимиз фаровон. Кексалар давлатимиз эъзозида, — дейди отахон. — Юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинган эди. Шу муносабат билан жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Биз, ёши улуғларнинг соғлиғини тиклаш, яшаш шароитимизни яхшилаш, қисқаси, умрини узайтириш бўйича кўрилган эзгу чора-тадбирларни айтмайсизми?! 

— Ҳудудимизда эл-юртга нафи тегаётган, тинч, аҳил яшаётган намунали оилалар кўп, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Остонов.  — Биз уларнинг ҳаётий тажрибаларини фаолларимиз кўмагида тарғиб-ташвиқ қиламиз. Мўътабар онахон ва отахонларимизнинг умр йўлларини ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатаяпмиз. Бу, албатта, ўз самарасини бермоқда. Оилавий ажралишлар, жиноят содир этиш ҳолатлари деярли йўқ. Бинобарин, кексаларимиз нафақат ўз хонадонларининг, балки маҳалламизнинг ҳам файзидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn