Шеърият — халқларни бирлаштирувчи беқиёс куч
  • 25 Февраль 2016

Шеърият — халқларни бирлаштирувчи беқиёс куч

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, “Ўзбекистон — Озарбайжон” дўстлик жамияти томонидан буюк ўзбек шоири ҳамда давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Озарбайжон, Ҳиндистон, Бангладеш Республикаси ва бошқа давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари вакиллари ҳам иштирок этгани ўзбек шоирлари, мутафаккирларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Анжуманда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат таъкидлаганидек, Бобурнинг ижодий мероси дунёда юксак қадрланиб, севиб мутолаа қилинади. Унинг “Бобурнома” асари 30 та тилга ўгирилиб, нашр этилган. Бобурийлар тарихи ёдгорликлари Ер шаридаги 70 дан зиёд музейларда сақланмоқда. Буларнинг барчаси ушбу ижодкор қолдирган маънавий хазина бутун башарият учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Сўзга чиққанлар томонидан бобурийлар сулоласи, хусусан, унинг асосчиси нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар маданий тараққиётига ҳам кучли таъсир ўтказганини қайд этишди. Бинобарин, Бобур даврига оид меъморий-адабий дурдоналар жаҳоннинг қатор мамлакатларида кўз қорачиғидек асраб-авайланаяпти.

Тақдим қилинган маърузалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, она-Ватанимиз тарихи, маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш жуда юқори ва ўз навбатида, у йилдан-йилга кучайиб бораётир. 

Тадбир якунида талабалар Бобур ғазалларидан намуналар ўқишди, буюк шоир қаламига мансуб шеърларга басталанган куй-қўшиқлар янгради.

М. ҚОСИМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn