Маҳорат ва истеъдод эъзози
  • 24 Февраль 2016

Маҳорат ва истеъдод эъзози

Халқимиз азалдан ўзининг уста-ҳунармандлари билан етти иқлимга машҳур. Аждодларимиз томонидан яратилган беназир буюмлар, бунёдкорлик намуналари жаҳон аҳлини ўзига мафтун этиб келаётир. Истиқлол туфайли қадимий анъаналар қайта тикланди ҳамда янада ривожлантирилмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

Бугун юртимизнинг олис қишлоқларида ҳам ёғоч ва тош ўймакорлиги, кулоллик, зардўзлик, наққошлик, каштадўзлик, гиламдўзлик, заргарлик мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларда “Устоз — шогирд” анъаналари йўлга қўйилган бўлиб, ёшларимиз минг йиллар мобайнида асраб-авайлаб келинаётган ҳунар сирларини қунт билан ўрганишаяпти. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги 700 дан ортиқ “Уста — шогирд” мактабларида кўплаб касб-ҳунар коллежлари битирувчилари маҳорат сабоқларини олишмоқда. Ўтган йили улардан 392 нафари уюшма аъзолигига  имтиёзли тарзда қабул қилинди. 

ўамхўрлик ва эътибор кишини янги-янги марралар сари ундайди. Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови бу борада муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, “Мустақил юрт ҳунармандлари”, “Ўзбекистон халқ амалий санъати — дунё нигоҳида”, “Мустақиллик нафасида камол топган ҳунармандлар”, “Навқирон Ўзбекистон”, “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан” сингари кўргазма ва танловлар уюштирилмоқдаки, уларнинг барчаси бир мақсадга — ёш ҳунармандларни кашф этиш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда маҳсулотларини тарғиб қилишга қаратилган.

Умуман, бугун ҳунар эгаллашга кенг имкониятлар яратилган. Хусусан, оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда беш нафар шогирдни жалб қилиш, устахонани ижарага олиш, буюм ва товарларини сотиш учун ихтисослаштирилган дўкон ҳамда шохобчалар ташкил этишлари мумкин. Энг муҳими, ҳунармандлар ижтимоий суғурта қилиниб, иш даври белгиланган тартибда меҳнат давомийлигига қўшилади. “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган, Пенсия жамғармасига белгиланган бадални мунтазам тўлаб борганлар нафақа ёшига етгач, иш стажи тўлиқ ҳисобланиши тегишли ҳужжатларда ўз аксини топган.

— Бугун юртимизда ҳунармандлар қадр топди, — дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Азизулла Раҳматуллаев. — Усталаримиз асрлар давомида сайқалланиб келаётган маданий меросимизни асраб-авайлаб, бежирим асарлар яратишга ҳаракат қилишаяпти. Жумладан, ёғоч ўймакорлиги йўналишида ҳам кўплаб янгиланишлар рўй берди. Пойтахтимиз ва вилоятларимиздаги муҳташам бинолар, замонавийлик касб этган қадамжоларнинг меъморий ечимида буни яққол кузатишимиз мумкин. Мазкур жараёнда ёшларимизнинг алоҳида ўрни борлиги барчамизга қувонч бағишлайди.

Ҳунармандларимизнинг хорижий давлатларда ўтказилаётган кўргазмаларда қатнашиб, халқимизнинг ноёб анъаналарини намойиш этаётгани ҳам таҳсинга сазовор. Бинобарин, 2014 йили ғиждувонлик уста кулол Алишер Нарзуллаев Португалиянинг Лиссабон шаҳрида ташкиллаштирилган “Вера — 2014” халқаро тасвирий санъат ярмаркасида бош мукофот — Гран-прини қўлга киритган бўлса, риштонлик Алишер ва Бахтиёр Назировлар дунёнинг кўплаб давлатларида бўлиб ўтган фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

— Бир замонлар кулоллик маҳсулотларимизни хорижга олиб чиқиш ушалмас орзу эди, — дейди Алишер Нарзуллаев. — Мустақиллик туфайли ҳунармандларимиз кенг ҳуқуқ ва имкониятга эга бўлди. Дунёнинг бирор бир ерида бундай ғамхўрлик йўқ. Ўзимдан мисол, шахсий устахонам бор. Ўнлаб ёшларга кулоллик сир-асрорини ўргатаяпман. Қисқаси, юртимизда ҳунармандман, устаман, деган одамнинг кўксига шамол тегди. Улар касбу коридан мамнун бўлиб меҳнат қилмоқдалар.

Ҳунармандчилик маҳсулотлари — маҳорат ва машаққатли меҳнат меваси. Уларда халқимиз анъаналари, орзу-интилишлари мужассам. Шу боис бундай қадимий ҳунар сирларини асраб-авайлаш эзгу мақсадлардан бирига айлангани алоҳида қадрлидир.

 

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn