Асрий анъаналар жозибаси
  • 12 Февраль 2016

Асрий анъаналар жозибаси

Чинакам истеъдод эътибору эътирофдан четда қолмайди. Рағбат эса юксак ижодий парвоз сари руҳлантирувчи омилдир.

Диққатга молик далил: мустақиллик йилларида бухоролик халқ амалий санъати усталаридан 35 нафари ЮНЕСКОнинг сифат сертификати билан тақдирланди. Беш нафари мазкур нуфузли ташкилотнинг “Моҳир ҳунарманд уста” сертификатига муносиб кўрилди. 100 нафардан зиёди Япония, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Швейцария, Ҳиндистон сингари қатор давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этди.
— Булар ушбу соҳада қўлга киритилаётган ютуқларнинг халқаро эътирофидир, — дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари Акбар Муҳаммедов. — Усталаримиз Президентимиз ташаббусига мувофиқ ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловида ҳам фаол қатнашиб, совриндорлар сафидан жой олишаяпти. Муҳими, истиқлол йилларида ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари қайта тикланиб, қадр топмоқда. Чунончи, ўиждувонда кулоллик, Бухоро шаҳрида мис кандакорлиги, зардўзлик, гиламдўзлик, Шофирконда каштадўзлик мактаблари юзага келди. Вобкентда “Ҳунармандлар маркази” фаолияти йўлга қўйилди. Бунда давлатимиз томонидан соҳа вакилларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар муҳим аҳамият касб этаяпти.
Эътиборли жиҳати, халқ амалий санъатига меҳр қўйган ёшлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Биргина ўтган йили икки минг нафардан зиёд ўғил-қизлар юқорида номи келтирилган мактабларда ҳунар сирларини ўрганди. Улар орасида янгиликка интилувчан, халқ амалий санъатида ўз “йўл”ини яратишга иштиёқманд навқирон авлод вакиллари кўп. Машҳура Ҳафизова шулардан бири.
— Қадимий ёдгорликлар, улардаги нақшлар, белгилар мазмун-моҳиятини қунт билан ўрганаяпман, — дейди у. — Обидалардаги яхлит манзара аслида бўлак-бўлак қисмлардан ташкил топгани диққатимни тортди. Менда ота-боболаримиз меъморчиликда фойдаланган мазкур усулни рангтасвир санъатида қўллаш фикри туғилди. Ҳозирги пайтда геометрик мозаика, деб аталадиган услуб асосида ишлаяпман.
Ёш иқтидор эгасининг мато, тери ёки сопол идишларга ишланган асарлари ўзига хос жозибага эга. Унинг “Буюк Ипак йўли”, “Чорминор” асарларида ўтмиш ва келажак уйғунлиги яхлитлик ҳосил қилган. Машҳуранинг “Кунгабоқар” туркумидаги халқ амалий санъати намуналари Франция, Италия, Германия каби давлатлардаги шахсий коллекциялардан ўрин олган.
— Ёшларимиз миниатюра, рангтасвир, ганч, ёғоч, тош ўймакорлиги, зардўзлик, ҳайкалтарошлик, ўйинчоқлар каби халқ амалий санъатининг ўттизга яқин турлари билан шуғулланиб, маҳоратларини оширишаяпти, — дейди А. Муҳаммедов. — Уларнинг юқори савияда асарлар яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти. Ёш ҳунармандлар учун “Уста — шогирд” мактаблари ташкил этаяпмиз. Ҳозирги кунда уларнинг сони 55 тадан ошди.
Миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналган халқ амалий санъатига бўлган бундай ёндашув асрий анъаналарнинг давомийлигини таъминлайди, уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга хизмат қилади, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn