Халқимизнинг буюк фарзанди
  • 10 Февраль 2016

Халқимизнинг буюк фарзанди

Истиқлол туфайли мамлакатимизда улуғ мутафаккир Алишер Навоий шахсияти, асарларига бўлган эҳтиром тубдан юксалди. Юртимизда унинг номи билан юритилувчи вилоят, ўнлаб маданий-маърифий муассасалар, ташкилотлар бор.

Президентимиз ташаббуси билан 1991 йилнинг “Алишер Навоий йили” деб аталиши, пойтахтимизда барпо этилган бобокалонимиз номидаги муҳташам боғ ҳамда шоирнинг у ердаги салобатли  ҳайкали ана шундай катта эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Бугун биз Алишер Навоий орзу қилган фаровон ҳаёт, обод турмуш, юксак тараққиётдан баҳрамандмиз. Ёшларимиз ул зотнинг асарларидаги қаҳрамонлар каби эзгулик сари бел боғлаб, юрт равнақига ҳисса қўшишга интилмоқдалар. Буни шу кунларда мамлакатимизда Алишер Навоий туғилган куни муносабати билан кенг миқёсда ташкил қилинаётган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар, мушоиралар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, 9 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этган мазкур анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси раҳбари З. Машрабов, Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакили М. Галланд, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист О. Галахов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг умрбоқий илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этишди.
Улуғ бобокалонимиз номини бутун дунё билади. Бу бежиз эмас. Зеро, ўз асарлари орқали инсонийлик, меҳр-муҳаббат, саховат, мурувват, бағрикенглик, ҳамжиҳатликни юксак даражада мадҳ қилган, ўз фаолияти давомида бундай эзгу фазилатларни одамлар қалбига сингдиришга интилган Навоий, чин маънода, ибрат тимсолидир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Навоийнинг ўлмас асарларидаги юрт тинчлиги ва осойишталиги, халқлар ҳамда миллатлар ўртасидаги дўстликни кўкларга кўтарадиган, бу ғояларни устувор инсоний қадриятлар сифатида олға сурадиган фикр ва қарашлари биз учун, айниқса, қимматлидир. Улуғ аждодимиз яратган қаҳрамонлар — хитой, арман, араб, форс, юнон, ҳинд каби турли миллат вакилларининг эзгу мақсадлар йўлида елкадош бўлиб, қийинчилик ҳамда синовларни биргаликда сабот билан енгиб ўтишида бугунги долғали замон учун ҳам муҳим рамзий ва амалий маъно бор.
Дарҳақиқат, инсонни улуғлаш, унинг эзгу мақсад ва саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш Навоий асарларининг бош ғоясидир. Бундай юксак муддао ул зотнинг ушбу машҳур рубоийсида ҳам яққол ифодаланган:
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен,  эй умри азиз.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Сирожиддин Саййид буюк бобомизга бағишланган «...Навоий сўзидин бир ғазал» номли янги шеърини ўқиб берди.
Юртимизда таҳсил олаётган хорижлик талабалар, мумтоз ўзбек адабиёти бўйича изланишлар олиб бораётган чет эллик тадқиқотчилар Алишер Навоий рубоийларидан намуналарни ўзбек тилида мутолаа қилишди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев ижросида улуғ мутафаккир ғазали асосидаги қўшиқлар янгради. Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев қатнашди. 

* * *

Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган анжуман ҳамда мушоира бўлиб ўтди.
“Навоийхонлик” тадбирлари давом этмоқда. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn