Бебаҳо хазина
Версия для печати
  • 10 Февраль 2016

Бебаҳо хазина

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда кенг нишонланди.

Хусусан, Оролбўйи минтақасида маданий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда улуғ бобокалонимиз асарларидан намуналар ўқилиб, ғазал ва рубоийларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилди, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
Улуғ мутафаккир номи билан аталувчи вилоятда мазкур санага бағишланган тадбирлар ҳам чинакам шодиёнага айланди. Дастлаб олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар Навоий шаҳридаги шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
— Алишер Навоий асарлари мазмуни теранлиги, ҳаётийлиги боис, асрлар ўтса ҳамки, ўз аҳамиятини йўқотмай, инсониятни ҳайратга солиб келмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти доценти Тоҳир Хўжаев. — Шоир байтлари ўзида ана шундай кўп маъноларни мужассам этганки, улар асосида бир қанча китоблар ёзиш мумкин.
Шаҳар марказидаги “Фарҳод” маданият саройида “Алишер Навоий маънавий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти” мавзуида анъанавий республика анжумани уюштирилди.
Андижон шаҳар Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, адабиётшунослар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида буюк бобокалонимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Тантана Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида давом этди. ўазал мулки султонининг серқирра ижоди ҳамда ибратли ҳаёт йўли тараннум этилган назм ва наво кечаси ҳаммага катта завқ улашди.
Наманган вилоятидаги таълим муассасалари, маданият масканлари ва маҳаллаларда ҳам мазкур сана муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Илм ва ижод аҳли иштирокидаги учрашув, давра суҳбатлари қизғин мушоирага айланиб кетди. Шоир номидаги мусиқали драма театрида “Алишер Навоий ижоди — маънавиятимиз хазинаси” мавзуида кеча уюштирилди. Унда улуғ мутафаккир асарлари бугунги кунда ҳам ёшлар тарбиясида бебаҳо манба бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Буюк бобокалонимиз таваллуд санаси вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам кенг нишонланди.
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи эрта тонгдан адабиёт мухлислари, ёшлар билан гавжум бўлди. Вилоят фаоллари, ижодкорлар улуғ бобомиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шунингдек, шаҳардаги бир қатор олий ўқув юртларида ташкил этилган илмий-амалий конференцияларда мутафаккир шоир асарлари ўзбек тили ва адабиёти ривожида, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамият касб этаётгани  таъкидланди.
“Чорсу” тасвирий санъат галереясида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларига бағишланган Шарқ миниатюраси ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унга таълим муассасалари ёшлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари таклиф қилинди.

Д. СОДИҚОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn