Улуғ шоир даҳосига эҳтиром
  • 09 Февраль 2016

Улуғ шоир даҳосига эҳтиром

Кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Алишер Навоий ижодининг маънавий ҳаётимиздаги аҳамияти” мавзуида республика илмий анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти томонидан Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирга навоийшунос олимлар, ижодкорлар, тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар таклиф қилинди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида мутафаккир шоир адабий меросини ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида фикр юритишди.

Дарҳақиқат, халқимиз фахру ифтихори саналган Алишер Навоийнинг шоҳбайтлари, неча асрларки, наинки юртимиз, балки жаҳондаги кўплаб адабиёт ихлосмандларининг эътибору эъзозида. Зеро, улуғ бобомиз асарларида миллатлараро тотувлик, инсонийлик, бағрикенглик, саховатпешалик каби бебаҳо фазилатлар юксак тараннум этилган. Шу боис бундай эзгу даъватлар ҳеч қачон эскирмайди, ўз аҳамиятини йўқотмайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таърифлаганидек: “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, -мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. 

Бундан йигирма беш йил муқаддам пойтахтимизда Алишер Навоий номи билан юритилувчи Миллий боғ барпо этилди ва улуғ шоирнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Юртбошимиз ташаббуси билан 1991 йил мамлакатимизда “Алишер Навоий йили” 

деб номланди. Мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида бобокалонимиз ижодини ўргатишга қаратилган махсус дарс-соатлари, машғулотлар йўлга қўйилди. Кўплаб маданий-маърифий масканлар, кўча ҳамда хиёбонларга Алишер Навоий номи берилди. Яна бир эътиборли жиҳати, мустақиллик туфайли ҳар йили мамлакатимизда шоир -таваллуд топган сана — 9 февраль байрам сифатида кенг нишонланмоқда.

Илмий анжуманда Навоийнинг ўзбек мумтоз адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, асарларида куйланган маънавий-ахлоқий қадриятлар, шунингдек, улуғ бобокалонимизнинг жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлидаги унутилмас хизматларига бағишланган маърузалар тингланди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дўстлик сабоғи Бебаҳо хазина »