Европа парламентида Наврўз шукуҳи
  • 01 Апрель 2014

Европа парламентида Наврўз шукуҳи

Брюсселдаги Европа парламенти биносида Ўзбекистон халқ амалий санъати асарларининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги дипломатия миссияси томонидан Наврўз байрами тадбирлари доирасида уюштирилган ушбу кўргазмада миллий каштачилик, кулоллик ҳамда бадиий миниатюра ва ўзбек халқ амалий санъатининг ранг-баранг маҳсулотлари намойиш этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ташқи ишлар вазири А. Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзолари, Европа парламенти депутатлари, Еврокомиссия, Бельгия Қироллигининг федерал ҳамда минтақавий вазирлик ва идоралари, ишбилармон, жамоатчилик, таҳлилий ва маданий доиралар, мамлакатда аккредитациядан ўтган ЕИ ҳамда НАТО ҳузуридаги дипломатия миссияларининг мутасадди вакиллари ва журналистлар қатнашди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланиши тарихи ҳамда анъаналари, халқимизнинг бой маданий-меъморий мероси, тамаддунлар ва маданиятлар чорраҳаси ҳисобланадиган Ўзбекистон ўтмиши ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Улар, шунингдек, мустақил ривожланиш йиллари давомида республикамиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда қўлга киритган муваффақиятлар юзасидан ҳам атрофлича ахборотларга эга бўлдилар.
Маросимда сўзга чиққан Европа парламенти вице-президенти Райнер Виланд ўзбек халқини Наврўз билан қутлади. У мазкур тадбир Европа марказида ажойиб баҳор байрами — Наврўзнинг бетакрор ва унутилмас руҳини ҳис қилиш имконини берганини алоҳида таъкидлади.
— Ўзбекистоннинг кўҳна тарихи, бой маданияти, Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари шаҳарларнинг ноёб меъморий гўзаллиги ҳамда Наврўз байрами ўзбек халқининг асрлардан-асрларга ўтиб келаётган беқиёс ва муҳим анъаналарини ўзида мужассам этган, — деди Р. Виланд. — Буларнинг барчаси европаликларни Ўзбекистонга бориш ҳамда жаҳон илм-фани ва маърифатига катта ҳисса қўшган ўзбек халқининг бебаҳо мероси билан бевосита танишишга чорлайди.
Европа парламентида ва умуман, Европада Ўзбекистон ҳақида, айниқса, мустақиллик йиллари мобайнида республикада демократик, ҳуқуқий ҳамда дунёвий давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган сиёсат ҳақида яхши билишади. Сўнгги йилларда мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан жадал, барқарор ривожланиб бораётгани алоҳида эътиборга моликдирки, бу республиканинг келажакда ҳам дадил тараққий топиши учун мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.
Райнер Виланд Европа парламенти келажакда бу каби тадбирларни ўтказиш амалиётини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
ЕИ — Ўзбекистон Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг фаол аъзоларидан бири, Европа парламенти депутати Элизабет Йеггле (Германия) ўз нутқида Наврўз янги йилнинг муқаддимаси, эзгу ниятлар рамзи ҳамда ўзбек халқининг минг йиллардан буён нишонланиб келаётган севимли байрами эканлигини қайд этди.
— Ўзбекистон ўзининг кўҳна ва бой маданий-тарихий мероси, халқининг меҳнатсеварлиги билан фахрланса арзийдиган ўлка ҳисобланади, — деди у. — Бундай қадриятлар бугунги кўргазмада намойиш қилинаётган ўзбек халқ ижодиёти ва амалий санъатининг намуналарида ҳам акс этган. Темурийлар даврининг йирик маданий-илмий маркази саналган Ўзбекистон заминида қатор буюк олим ва мутафаккирлар яшаб, ижод қилганларки, улар Европа илм-фани ҳамда маданиятининг тараққиётига ҳам таъсир кўрсатган. Бугун жамиятларимиз ўртасидаги яқин муносабатлар конструктив ҳамкорликнинг асосини ташкил этади. Бу изчил мулоқот ва ўзаро англашув учун муҳим пойдевордир.
Тадбир доирасида халқимиз миллий санъати усталари чиқишларидан ташкил топган маданий дастур ҳам намойиш этилди. Маросим меҳмонлари Азиз Ражабий бошчилигидаги ўзбек санъаткорлари жамоасининг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлди. Улар, шунингдек, ўзбек миллий таомларидан татиб кўришди.
Кўргазма якунида унинг айрим иштирокчилари “Жаҳон” АА мухбири билан суҳбат чоғида Наврўз байрами муносабати билан ўз қутловларини изҳор этдилар.

Чабо Табажи,
Европа парламенти депутати (Венгрия):
— Барча ўзбекистонликларни Шарқ мамлакатларида янги йил кириб келишининг рамзи сифатида нишонланадиган Наврўзи олам билан табриклайман. Наврўзнинг Ўзбекистонда байрам қилиниши чуқур тарихий илдизларга эга бўлгани ҳолда, у ўлкангизнинг ранг-баранг маданий меросини ҳам намоён қилади. Ушбу айём Ўзбекистон заминида тинчлик-ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик, бирдамлик ва биродарликни мужассамлаштиради.
Мамлакатингизда ривожланишнинг устувор ижтимоий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир янги йилга ном берилиши яхши анъанага айланган. Шу маънода, Президент Ислом Каримовнинг 2014 йилни Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббуси алоҳида эътиборга сазовордир. Биз Ўзбекистонда таълим жабҳаси, хусусан, ёшларни жисмонан баркамол этиб, уларни катта авлодга, ўз тарихий илдизлари ва ўтмишига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбек халқи доимо ўз фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиб, уларнинг бахтли келажаги йўлида ҳаракат қилган.

Александр Лимбург,
 Бельгиядаги “Almatours” сайёҳлик компанияси бош директори:
— Бугун бўлиб ўтган тадбир европаликларда катта қизиқиш уйғотиши баробарида, ўзбек халқининг авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган кўҳна анъаналарини ҳам намоён этди. Ўтган йили Ўзбекистонга уюштирган сафаримдан унутилмас таассуротлар билан қайтдим. Унга қадар юртингизнинг буюк тарихи ҳамда замонавий тараққиёти ҳақида адабиётлардан кўплаб маълумотларни олган эдим.
Ҳозирги кунда кўплаб бельгияликлар Ўзбекистон билан танишиш истагидадирлар. Яқинда компаниямиз сайёҳларнинг катта гуруҳини тўплади. Улар жорий йилнинг апрелида республикангиз бўйлаб саёҳатга чиқишади. Бугунги маросимда мазкур саёҳат дастуримизнинг баъзи иштирокчилари ҳам ҳозир бўлдилар. Улар ҳам ҳақиқий умумхалқ байрами ҳисобланадиган Наврўзнинг бетакрор руҳидан баҳраманд бўлди.

Натали Твист,
Монс шаҳри университети профессори:
— Брюсселда ўзбек халқининг кўҳна ва ардоқли байрамларидан бири — Наврўзи олам тантанасида қатнашишдан мамнунман. Бу каби тадбирлар Европа ва Ўзбекистон халқларининг яқинлашувига хизмат қилади.
Бугунги тадбир меҳмонлари ўзбек халқининг самимиятини, ҳарорати ва меҳмондўстлигини ҳис этиш, унинг тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистон миллий маданияти ва кўп асрлик анъаналарини нафақат сақлаб қололган, балки уни янада бойита олган мамлакатдир.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn