Анъаналар эъзози
  • 24 Ноябрь 2015

Анъаналар эъзози

Ҳунармандчилик ўзининг бебаҳо тарихига эга. Мустақиллик йилларида ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга, ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Миллий анъаналарни асраб-авайлаш, қўлигул усталар учун барча имкониятни тақдим этиш, бу орқали қадриятлар бардавомлигини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Бинобарин, Ўзбекистон Бадиий академияси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган турли фестиваллар, кўргазмалар, ярмаркалар ва маҳорат мактаблари миллий ҳунармандчилик йўналишлари равнақида алоҳида ўрин тутаяпти.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Акбар Раҳимов эл-юрт орасида обрў-эътибор топган ҳунармандлардан биридир. Бугунги кунда Раҳимовлар сулоласини нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам яхши билишади. Негаки, кулоллик санъатида уларнинг ўзига хос ўрни бор. Масалан, Акбар Раҳимовнинг отаси Муҳиддин Раҳимов ўзбек миллий кулоллиги тарихида ўчмас из қолдирган. Уста яратган амалий санъат дурдоналари бугунги кунда хорижий давлатлар музейларида сақланмоқда. Шунингдек,
М. Раҳимов Ўрта Осиё санъати тарихи тадқиқотчиси ҳамда анъанавий нақш реставратори ҳисобланади. Уста кулол турли тарихий даврлар кулоллик маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияларини тадқиқ қилиб, уларнинг ўзига хос томонларини соҳага татбиқ этган.
Бугунги кунда Тошкент кулоллар сулоласининг бешинчи вакили Акбар Раҳимов ва унинг фарзанд ҳамда шогирдлари аждодлар анъанасини фаол давом эттирмоқдалар. Акбар ака атоқли рассом-кулол сифатида ном қозонган. Унинг асарлари Ўзбекистондан ташқари, Германия ҳамда бошқа давлатлардаги нуфузли музейларда сақланади. Шунингдек, қатор халқаро кўргазмаларда намойиш қилиб келинаётир.
— Дарҳақиқат, юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда, — дейди уста-кулол А. Раҳимов. — Турли тадбирлар сабаб бир қанча хорижий мамлакатларга борган киши сифатида айтаманки, бундай ғамхўрлик ҳеч қайси мамлакатда йўқ. Юртимизда ҳар бир вилоят ўзининг кулоллиги, технологияси, усталарига эга. Назар солсангиз, буларнинг ранг-баранглигидан ҳайратга тушасиз, халқимизнинг санъатга бўлган меҳри баланд эканлигини тушунасиз. Кулолликнинг йўқолиб кетган ўиждувон, Шаҳрисабз, Риштон мактаблари қайта тикланди. Ёшлар орасидан ҳунарманд бўлишга орзумандлар кўпайди. Ваҳолонки, бундай кунларни бир пайтлар орзу қилиб ҳам бўлмас эди. Яхши эслайман, отамнинг устахонаси икки метр жойдан иборат бўлиб, эркин ишлашнинг мутлақо иложи йўқ эди. Қанийди, шароит бўлса-ю, бемалол, дилдан меҳнат қилсак, деб ният қилардилар. Истиқлол туфайли отамнинг орзулари биз, фарзанд ва набиралари, шогирдлари тимсолида ушалди. Бизга эмин-эркин, ўзимиз истагандек роҳатланиб ишлашимиз учун шароит яратиб берган Юртбошимизга минг раҳмат.
Машҳур устанинг ўғли, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Алишер Раҳимов болалигиданоқ оилавий кулоллик санъати сирларини ўргана бошлади. Бугунги кунда Алишер отаси ва бобосининг тажрибасига таянган ҳолда, ўзбек сопол буюмлари санъатининг ўзига хос тарихий йилномасини яратиш устида изланмоқда. Бундан ташқари, у Тошкентда қадимда машҳур бўлган, бир пайтлар унутилган “қошғарий” услубини қайта тиклашга эришди. Ёш кулол тайёрлаган асарлар Франция, Германия ва Японияда ўтказилаётган турли кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этиб келинмоқда.
— Ҳунарманд бўлишни болаликдан орзу қилардим, — дейди Алишер Раҳимов. — Отамдан соҳанинг жуда кўп жиҳатларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Мустақиллик туфайли миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Бундан оқилона фойдаланиб, тарихий анъаналарни давом эттириш баробарида, янгича услублар яратиш устида ҳам изланмоқдамиз.
Айни пайтда Акбар Раҳимовдан кулоллик сирларини юз нафардан зиёд шогирдлар қунт билан ўрганмоқда. Шаҳрисабзлик Рустам Музаффаров — шулардан бири.
— Халқимизнинг миллий ҳунармандчиликка оид анъаналарини чуқур ўрганиш истагида эдим, — дейди у. — Устозим Акбар Раҳимов бу борада катта кўмак берди. Ҳозир эса ўз устахонамни очиб, қишлоғимиз ёшларига мазкур бебаҳо санъатнинг сир-асрорларини ўргатаяпман. Ҳунармандлигимдан, қадриятлар эъзозланган юрт фарзанди эканлигимдан беҳад фахрланаман.
Пойтахтимизнинг Кўкча Дарбоза кўчасидаги 15-уйга борсангиз, ғаройиб оламга тушгандек бўласиз. Зеро, бу хонадоннинг бир тарафида кулол Раҳимовлар сулоласининг уй-музейи, иккинчи тарафда кўргазма заллари, яна бошқа томонда эса издошлар меҳр ва қунт билан ишлаётган устахонага кўзингиз тушади. Турли кўзалар, сопол лаганлар, турфа шакл ҳамда ҳажмдаги идишлар, уларга ишланган бетакрор суратлар эса нафақат юртошларимиз, балки хорижликлар диққат-эътиборини ҳам ўзига тортмоқда. Энг муҳими, юртимиздаги ҳунармандлар яратилган шароитлар туфайли улкан муваффақиятларга эришаётганлигига, ҳунар ортидан бахту саодат топаётганлигига амин бўласиз.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Созлар оҳанрабоси «Шодлик наволари» »