«Атлас байрами»
  • 17 Сентябрь 2015

«Атлас байрами»

миллий матолар жилоси билан иштирокчиларни мафтун этди

Марғилонда “Атлас байрами” миллий матолар фестивали бўлиб ўтди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва “Ҳунарманд” -уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда барча вилоятдан келган ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш қилди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони асосида соҳа вакилларининг эмин-эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар, кўплаб имтиёзлар яратиб берилган.
“Атлас байрами” миллий матолар фестивалининг Марғилон шаҳрида ўтказилгани бежиз эмас. Негаки, ушбу шаҳар ўзининг машҳур ҳунармандлари, дўппидўз, бўз, атласу адрас тўқувчилари билан ном қозонган. Бу ерда миллий матоларни қайта тиклаш ва уларнинг турларини кўпайтириш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Фестиваль давомида иштирокчилар марғилонликлар тажрибаси билан яқиндан танишиш, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг миллий матоларни тўқиш усуллари, жойларда ташкил этилган “Устоз — шогирд” анъаналари билан ўртоқлашдилар.
— Мамлакатимизда уста-ҳунармандларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар миллий анъаналар бардавомлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, оилалар моддий фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти, — дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси М. Қурбонов. — Қувонарлиси, ёшларимизда ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқ ортмоқда. Ушбу фестиваль бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида юртимиздаги ҳунармандлар ўртасида энг яхши экологик тоза маҳсулот ва анъанавийликни сақлаган маҳсулотларни аниқловчи кўрик-танлов, кўргазма-савдо, миллий матолардан яратилган либослар намойиши ўтказилди. “Миллий матоларни сақлаш ва ривожлантиришнинг муҳим масалалари” мавзуидаги илмий анжуманда эса тадбир қатнашчилари миллий ҳунармандчилигимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фикр юритдилар.
Тадбир сўнгида фольклор жамоалари, таниқли санъаткорлар ижросида концерт намойиш этилди.


Дилфуза ҚАРШИБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn