Ўзбекистонда Хитой киноси кунлари
  • 09 Сентябрь 2015

Ўзбекистонда Хитой киноси кунлари

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида Хитой киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Хитой дипломатик миссияси ходимлари ва делегацияси аъзолари, кинорежиссёрлар, актёрлар, мамлакатимиз киносанъати намояндалари, санъатшунослар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Унда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасидаги дўстона алоқалар маданият ва санъат соҳасида ҳам тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлашди. Хусусан, кинематография йўналишида самарали ҳамкорлик олиб борилаяпти. Жорий йилнинг 10 сентябригача давом этадиган мазкур тадбир бунинг яна бир ёрқин ифодасидир.
— Намойиш этиладиган фильмлар хитойликларнинг ўзига хос маданияти, урф-одати, санъати ҳақида тасаввур уйғотади, — дейди Хитой Халқ Республикаси Матбуот, нашриёт, кинематография, радиоэшиттириш ва телевидение ишлари бўйича давлат бошқармаси вакили Луань Чжиго. — Айтиш жоизки, тадбирлар доирасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Хитой делегациясининг ижодий учрашувлари бўлиб ўтди. Ишонамизки, ушбу анжуман икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Хитой киноси кунлари дастуридан Ван Жингуаннинг “Или дарёси”, Вэй Шеннинг “Паром”, Чэн Ган суратга олган “Чет эллик энага”, Вонг Карвайнинг “Буюк уста” фильмлари каби бир қатор киноасарлар ўрин олган.
Тадбир “Тяньшань” кинофабрикаси томонидан суратга олинган “Чин севги” бадиий фильми намойиши билан бошланди. Унда бош қаҳрамон Ҳанифа умр йўлдоши билан бирга, олти миллатга мансуб ўн тўққизта болани асраб олгани, рўзғори ҳаминқадар бўлса-да, турмушнинг барча қийинчилигига дош бериб, уларни катта ҳаётга йўллагани ҳаётий воқеаларга асосланган ҳолда, таъсирчан усулда ҳикоя қилинган. Шу орқали инсоннинг, айниқса, онанинг фарзандига бўлган буюк муҳаббати ифода этилган. Фильм томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Болажонлар учун концерт «Атлас байрами» »