Ўзбекистон — дунё нигоҳида
  • 04 Сентябрь 2015

Ўзбекистон — дунё нигоҳида

“Евроньюс” телеканали орқали эфирга узатилаётган, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган лавҳани 155 давлатда 370 миллиондан ортиқ томошабин кузатиб бормоқда.

Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Мамлакатимизда турли даврлар ҳамда цивилизацияларга оид етти мингдан зиёд ёдгорликлар бор. Қолаверса, аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган турли соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг қанчалар буюк маънавий бойликка эга эканлигимизнинг яққол ифодасидир. Жаҳонда бунчалик катта меросга эга бўлган халқ камдан-кам топилади.
Қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини эндиликда халқаро жамоатчилик тан олмоқда ҳамда эътироф этмоқда. Айтайлик, бир вақтлар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлмаган хорижликлар бугун бу ажойиб кентлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олганини яхши билади. Уларнинг тарихини чуқурроқ ўрганишга, зиёрат қилишга ошиқади. Бинобарин, АҚШнинг халқаро доираларда тан олинган ва катта нуфузга эга бўлган интернет нашрларидан бири Самарқандни “Дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган элликта шаҳри” рўйхатига киритгани ҳам бежиз эмас. Буларнинг барчаси истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, туризм индустриясини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самараларидир.
Бизда чет эллик сайёҳларни ўзига жалб этаётган яна бир муҳим омил борки, уни тилга олиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Бу — мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, меҳмондўст халқимизнинг самимий муносабати.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ёдгорликлари, туризм имкониятлари билан халқаро ҳамжамиятни янада кенгроқ таништириш мақсадида “Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Жумладан, дунёга машҳур “Евроньюс” телеканали билан 2013 йилда йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз бой тарихи, бугунги кунда шаҳару қишлоқларимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида кўрсатув ва репортажлар, турли лавҳалар намойиш этиб келинмоқда.
“Ўзбектуризм” МК ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ойдан, яъни сентябрдан эътиборан “Евроньюс” телеканалида Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар тасвирланган лавҳа эфирга узатила бошланди. У 2016 йилнинг март ойига қадар намойиш этилади.
Ўз навбатида, телеканалнинг “Le Mag” рукнида яқинда Самарқанд шаҳрида юксак муваффақият билан ўтказилган ва жаҳон аҳли эътиборини жалб қилган “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига бағишланган репортаж ҳам кўрсатила бошланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Евроньюс” телеканали янгиликларни 14 тилда эфирга узатади.

Шавкат ОРТИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn