Буюк тарихимиз кўзгуси
  • 04 Сентябрь 2015

Буюк тарихимиз кўзгуси

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат санъат музейида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида музейлар ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда маданият ва санъат намояндалари, музейлар раҳбарлари, хорижлик меҳмонлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, мамлакатимизда ёшларни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу шуурида чин инсонийлик фазилатларини шакллантириш, аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялаш ишларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини айтиш ўринли. Халқимизнинг фахри ва ғурурига айланган ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, улар қолдирган бой маданий мерос, тарихий ёдгорликларни асраб-авайлашга катта эътибор берилаётир. Ўтган давр мобайнида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Темурийлар тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Термиз археология музейи каби ўндан зиёд музейлар ташкил этилгани фикримиз далилидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Хусусан, мазкур қарорга мувофиқ, юртимизда ҳар янги ўқув йили бошланиши билан 2 — 8 сентябрь кунлари Музейлар ҳафталиги ўтказиб келинаётир. Қолаверса, республикамиздаги мавжуд музейларда ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар, уларнинг ота-оналари бепул кириши ҳамда халқимизнинг узоқ ўтмиши ва бугуни, бемисл маданияти, санъати ҳамда бошқа осориатиқалари билан яқиндан танишиши мумкин.
Музейлар ҳафталиги доирасида мамлакатимиздаги 41 музейда маданий-маърифий тадбирлар, маҳорат дарслари, танловлар, ижодий учрашувлар, викториналар ҳамда концерт дастурлари ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу маънавият масканларига ташриф буюрувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳафталик кунлари музейлар соат 21:00 гача фаолият юритмоқда.
Кеча  Ўзбекистон давлат санъат музейи кўргазма залида тадбир доирасида уюштирилган Ўзбекистон халқ рассомлари Павел Беньков, Оганес Татевосян, Николай Карахан асарларидан иборат “Устоз ижодкорларга эҳтиром” номли кўргазма томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn