«Бундай гўзал юрт, чеҳраси офтобдек одамлар дунёнинг ҳеч қаерида йўқ»
  • 01 Сентябрь 2015

«Бундай гўзал юрт, чеҳраси офтобдек одамлар дунёнинг ҳеч қаерида йўқ»

Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Жаҳонда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда санъатнинг роли ва аҳамияти беқиёс. Шу маънода, Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Зеро, у барча миллат ҳамда элат вакилларини эзгуликка чорловчи бетакрор санъат анжуманидир.
Жорий йил ўнинчи бор ўтказилган “Шарқ тароналари” унда иштирок этиш мақсадида дунёнинг 66 та мамлакатидан келган меҳмонларни бир ҳафта давомида тўлқинлантирди, уларда унутилмас таассуротлар қолдирди, десак, янглишмаймиз. Регистон майдонида, “Мўъжиза” ва “Ниҳол” амфитеатрлари, “Ёшлик”, “Сўғдиёна”, “Шаббода” истироҳат боғлари, Самарқанд, Оқдарё, Жомбой ҳамда Тайлоқ туманларида янграган куй-қўшиқлар барчани мафтун этди, дилларда ўзгача завқу шавқ уйғотди.
— Жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатида уюштирилган халқаро анжуманларда қатнашганман, — дейди Япониянинг “Мин-он” мусиқа уюшмаси президенти Хироясу Кабаяши. — Аммо ҳеч қаерда бундай кўтаринкиликка гувоҳ бўлмаганман. Фестивални юқори савияда ўтказишга жуда катта тайёргарлик кўрилибди. Унинг очилиш маросимида Президент Ислом Каримовнинг иштирок этиб, барчани табриклагани диққатга сазовордир. Давлатингиз раҳбари “Бу қадимий шаҳарнинг тарихи қанчалик буюк ва шарафли бўлса, унинг бугунги ҳаёти, замонавий қиёфаси ҳам шунга уйғун ва ҳамоҳанг равишда ҳар томонлама обод ва гўзал бўлиб бормоқда”, дея таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, фестиваль кунларида биз бунга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Самарқанднинг қадимий зиёратгоҳлари, майдон ва хиёбонлари, кўчаларини томоша қилиб, Ўзбекистонда тарихий ёдгорликларни, миллий анъана ҳамда қадриятларни асраб-авайлаш, шунингдек, ривожланиш йўлида улкан ишлар амалга оширилаётганини чуқур ҳис этдик. Айниқса, меҳмондўст, хушфеъл одамларингиз билан дилдан суҳбатлашиб, мамлакатингизга, халқингизга бўлган ҳурматимиз, меҳримиз янада ортди.
— “Шарқ тароналари” аллақачон дунё мусиқа аҳлининг ноёб мулкига, унда иштирок этиш ҳар бир санъаткорнинг эзгу орзусига айланган, — дейди Ҳиндистондан ташриф буюрган хонанда Важаҳат Ҳусайн Хон. — Президент Ислом Каримов фестивалнинг тантанали очилиш маросимида анжуман қатнашчиларини “тинчлик элчилари” деб атагани кўнглимизга ғурур-ифтихор туйғуларини солиш билан бирга, бизни янада улкан ижодий изланиш сари руҳлантирди. Биз, ижод аҳли бундай юксак эътирофга сазовор бўлганимиздан жуда бахтиёрмиз. Бундай гўзал юрт, чеҳраси офтобдек одамлар дунёнинг ҳеч қаерида йўқ.
Фестиваль азалдан жаҳоннинг маданият ва санъат бешикларидан бири бўлган Самарқандда ўтказилиши анжуманнинг файзига файз қўшаётир. Зотан, Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида катта ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобату тароват мужассам. Бу қадимий ҳамда ҳамиша навқирон шаҳарнинг ҳар бир ғиштида бунёдкор халқингизнинг буюк истеъдоди ва маҳорати намоён бўлиб туради. Самарқандда ўтказган ажойиб кунларимиз бир умрга хотирамизда муҳрланиб қолади.
Айтиш жоизки, иштирокчилар афсонавий Самарқанд бағридаги тарихий обидаларни зиёрат қилишди, ишлаб чиқариш корхоналари, бозорларга ташриф буюришди. Музейлар, ҳунармандлик марказлари ҳамда меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик намуналари ва чолғу асбоблари кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Фестивалда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ҳамда жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Улар анжуман доирасида ўтказилган илмий конференция, турли маданий тадбир ва бадиий кечалар, учрашув ҳамда мулоқотларда, жойларда Мустақиллик байрамига бағишлаб ташкил қилинган тантаналарда қатнашди. Ўзаро фикр ва тажриба алмашилди, ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Самарқанд. Регистон майдони. 30 август. Мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиши муносабати билан фестиваль иштирокчилари, меҳмонлар ва санъат ихлосмандлари жам бўлган.
Сўзга чиққанлар санъат анжуманининг ўзига хослиги ҳақида тўхталиб, унинг бу гал ҳам ғоят юқори савияда уюштирилганини алоҳида таъкидлашди. Қатнашчиларга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун давлатимиз раҳбарига ҳамда анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор қилинди.
“Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, бош соврин — Гран-при Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳига топширилди.
— Жаҳон узра ном қозонган бу фестиваль туфайли юртингизга келганимиздан, Самарқанд деб аталмиш афсонавий шаҳарни кўрганимиздан бениҳоя хурсандмиз, — дейди “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳи аъзоси Жанг Жинг. — Бу ерда одамларнинг самимияти, меҳмондўстлиги бизни лол қолдирди. Фестивалнинг энг олий мукофотига сазовор бўлганимиздан қувончимиз чексиз. Биз Ўзбекистонни, Самарқандни, бағрикенг юртдошларингизни соғинамиз.
Япониянинг “Shamisen” гуруҳи биринчи, Польша ва Эстония вакиллари иккинчи, Коста-рикалик санъат усталари учинчи ўринни қўлга киритди.
Қорақалпоғистоннинг “Айқулаш юлдузлари” гуруҳи ЮНЕСКОнинг махсус совринига сазовор бўлди.
Шунингдек, бир қанча йўналишда ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Тантанада санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт дастури ҳамда фестиваль учун махсус тайёрланган 3D форматдаги ранглар шоуси намойиш этилди. Унда мамлакатимизнинг бой тарихи, истиқлол йилларида буюк аждодларимиз маънавий меросини тиклаш борасидаги ишлар, маданият ва санъат соҳасида қўлга киритилган улкан ютуқлар ифодаланган.
“Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев, Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn