Регистондан таралар етти иқлим наволари
  • 29 Август 2015

Регистондан таралар етти иқлим наволари

Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Юртимиз азалдан илм-фан, маданият, санъат тараққий этган замин сифатида дунёда ном қозонган. Жумладан, Самарқанд наинки илму урфон, маърифат, балки мусиқа санъатининг ҳам тарихий бешикларидан бири бўлган. Шу боис Шарқ деганда, жаҳон аҳли, энг аввало, ушбу кўҳна ва навқирон шаҳар номини тилга олади, у ҳақда тўлқинланиб гапиради. Қолаверса, бу гўзал ҳамда бетакрор кентни ўз кўзи билан кўришга ошиқади. Бугун юртимиз гавҳари саналмиш Самарқанд яна дунё нигоҳида.
Зеро, Буюк Ипак йўли марказида жойлашган мамлакатимизда қадимий урф-одатларимизу анъаналаримиз қаторидан ўрин олиб улгурган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилмоқда.
Маълумки, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқимизни дунё мусиқа санъати анъаналари билан, жаҳон аҳлини эса ўзбек миллий мусиқаси билан яқиндан таништириш мақсадида мазкур нуфузли анжуманга 1997 йилда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан асос солинган. Ўтган давр мобайнида “Шарқ тароналари” ўзининг кўлами, миқёси, иштирокчиларнинг кўплиги жиҳатидан энг нуфузли санъат байрамларидан бирига айланди. 1997 йилги илк фестивалда 31 давлатдан вакиллар қатнашган бўлса, бу галги тадбирда улар сони 66 та эканлиги ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.
Айтиш жоизки, ҳар икки йилда уюштириб келинаётган ушбу анжуман бугунги кунда жаҳон санъат аҳлининг энг севимли фестивалларидан саналади. Бу, албатта, барчамизга чексиз фахр ва ифтихор ҳиссини бағишлайди.
Унинг мақсади инсонларни гўзаллик, нафосат ҳамда эзгуликка чорлаш, дунё халқларининг ноёб мусиқий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, тили, маданияти, миллий қадриятлари ранг-баранг бўлган турли миллат ва элатларни санъат воситасида янада яқинлаштиришдан иборатдир. Мазкур ғоянинг таъсирчан ифодаси, айниқса, халқимизнинг ўлмас қадриятлари, тинчлик, дўстлик, инсоний комиллик ҳақидаги орзу-интилишларида кўзга яққол ташланади.
«Шарқ тароналари» ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига Самарқандда пухта тараддуд кўрилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Регистон майдони таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Амфитеатр кенгайтирилиб, ёритиш тизими янгиланди. Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари реставрация қилинди. Кўксарой майдони, Амир Темур, Руҳобод хиёбонларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, янги фавворалар бунёд этилди. Ён-атрофга турли анвойи гуллар экилди. Шунингдек, қадим кентнинг замонавий бинолари, марказий кўча ҳамда хиёбонларига мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигини акс эттирувчи улкан билбордлар, анжуман эмблемаси туширилган баннер ва паннолар, плакатлару рангли чироқлар ўрнатилди. Қисқаси, қадимий шаҳар қутлуғ байрамлар муносабати билан янада кўркам, гўзал ва фусункор қиёфа касб этди.
Ҳар доим фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар Самарқанднинг Регистонини ёки бошқа тарихий обидаларини томоша қилиб, ҳайратланган бўлишса, эндиликда истиқлол туфайли яшариб, яшнаётган шаҳарнинг обод ҳамда кўркам кўчалари, хиёбонларини, замонавий тураржойларни кўриб, янада ёрқин таассуротларга эга бўлишмоқда. Бошқача айтганда, бу кўҳна ва навқирон кентнинг дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган 50 та шаҳри қаторида туриши бежиз эмаслигини қалбан ҳис этишаяпти.
Самарқанд, Регистон майдони. 28 август, соат 19:00.
Регистон майдонидаги улкан амфитеатр анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига келган меҳмонлар билан гавжум. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат намояндалари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ҳамда маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.
Майдон узра фестиваль байроғи ва унда иштирок этаётган барча давлатлар байроқлари ҳилпирайди. Қадим миноралар, мовий гумбазлар, улуғвор обидалар ранго-ранг чироқлар ёғдусида жилоланиб, қалбларга байрамона руҳ, тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлайди.
Анжуман иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб олади.
Карнай-сурнай, ноғора садолари янграйди.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.
Давлатимиз раҳбари “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг мазмун-моҳияти, жаҳонда тинчлик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль қатнашчиларига муваффақият тилади.
Ўнинчи халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт маросимда сўзга чиқиб, Ўзбекистон бой тарих ва улкан маданий меросга эга мамлакат эканлигини, уларни асраб-авайлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади, улкан бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди. Ўз навбатида, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишда кўрсатилаётган эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ЮНЕСКО ташкилоти номидан миннатдорлик изҳор этди.
Мусиқа садолари остида муҳташам саҳнага фестиваль қатнашчилари кириб келади.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда маданий ёдгорликлар давлат муҳофазасига олиниб, тарихий обидалар, номоддий меросни асраб-авайлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ушбу жараёнда миллий мусиқамизни чуқур ўрганиш ва ривожлантириш борасида кўлами ҳамда аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар амалга оширилди. Бинобарин, Бойсун фольклори, Шашмақом, Катта ашула, Наврўз, Аския инсониятнинг бебаҳо кашфиётлари, номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Республикамизда санъатга ихтисослаштирилган қатор олий таълим муассасалари, коллеж ва лицейлар, болалар мусиқа ҳамда санъат мактаблари, ўнлаб театр ва маданият саройлари барпо этилди. Қатор кўрик-танловлар жорий қилинди. Жумладан, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Ниҳол”, “Ёшлик баҳори” каби танловлар мамлакатимиз ёшлари истеъдодини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яна шуни ҳам фахр билан айтиш ўринлики, истиқлол фарзандлари жаҳоннинг турли давлатларида ўтказилаётган нуфузли санъат анжуманлари, кўрик-танловларда ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашмоқда.
Навбат куй-қўшиқларга, рақсларга келади. Санъаткорларимиз томонидан ўзбек мумтоз ашулалари, жаҳон классик композиторлари асарларидан намуналар ижро этилади. Уларда ўз истиқлолини қўлга киритган Ўзбекистоннинг бугунги кунда жаҳонга юз тутиб, изчил ривожланаётгани, юртимизда миллий урф-одат ҳамда анъаналар билан бирга, умуминсоний тушунчалар ўзининг муносиб ўрнини топаётгани ифода этилади. Ер юзида ҳаётнинг пайдо бўлиши, унда одамзоднинг ўрни, ҳар қандай қадриятнинг марказида инсон ва унинг тақдири, орзу-интилишлари мавжудлиги мазкур қўшиқларда ўз аксини топади. Тинчлик-осойишталикни мадҳ этувчи наволар янграйди. Маҳорат билан куйланган тароналар хорижлик меҳмонларда катта таассурот уйғотгани уларнинг юз-кўзидан шундоқ сезилиб турарди.
“Шарқ тароналари” фестивалининг яна бир ўзига хос ҳамда аҳамиятли томони шундаки, унда янги номлар кашф этилиб, иқтидорлилар сараланади, санъат янада қадрланади, эъзозланади.
Анжуман қамрови жуда кенг. Унинг қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Самарқанд, Тайлоқ, Оқдарё, Жомбой туманларида ҳам концерт дастурларини намойиш этмоқда. Истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида ўтказилаётган учрашувлар барчага унутилмас онларни туҳфа этмоқда.
Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг бетакрор тарихий обидаларини зиёрат қилиш, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда меҳмондўст халқимиз билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлаяпти.
Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган концерт дастури анжуман иштирокчилари ва меҳмонларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn