Эзгуликка чорловчи оҳанглар
  • 27 Август 2015

Эзгуликка чорловчи оҳанглар

Президентимиз ташаббуси билан асос солинган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг дунё миқёсида нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

Буни шу кунларда Ер юзининг турли қитъаларидан кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга ташриф буюраётган чет эллик машҳур мусиқа арбоблари, санъаткорлар, олим ва мутахассисларнинг эътирофи, ҳайрату ҳавасидан ҳам билиш мумкин. Дарвоқе, жорий йилда ўнинчи бор ўтказилаётган мазкур тадбирга аввалги фестивалларда Гран-при соҳиби бўлган ижодкорларнинг ҳам фахрий меҳмон сифатида ташриф буюриши «Шарқ тароналари»га бўлган қизиқиш нақадар юксак эканлигининг яна бир тасдиғидир.
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги «Регистон плаза» меҳмонхонасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган анжуманда ҳам алоҳида таъкидланди. Унда мазкур йирик фестивалнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳамда тайёргарлик ишлари, унинг доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар хусусида батафсил маълумот берилди.
Қайд этиш жоизки, санъаткорларнинг муҳташам Регистон майдони, «Сўғдиёна» ва «Ёшлик» истироҳат боғлари, Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театри, Самарқанд, Тайлоқ, Оқдарё, Жомбой туманларидаги чиқишлари маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.
Масалан, Жомбой туманидаги
10-болалар мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган ана шундай учрашувда Филиппин ҳамда Жанубий африкалик созанда ҳамда хонандаларнинг қўшиқлари каттаю кичикка бирдек завқ улашган бўлса, ўзбекона тароналар ижро этилганда, тадбир қатнашчилари уларни санъаткорлар билан биргаликда қўшилиб куйлашди. Чунки куй-қўшиқ, наволар тили, дини, миллати бошқа-бошқа бўлган давлат вакилларини ягона мақсад — ТИНЧЛИК қўшиғини айтишга ундаётган эди.
— Мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, у энг эзгу, юксак ва нозик туйғуларни ўзида ифодалайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, «Шарқ тароналари — 2015» халқаро мусиқа фестивали ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муножат Йўлчиева. — Тарихчи Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида бобокалонимиз Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар хусусида тўхталиб, «Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эдилар. Ва турку мўғул, хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди» деган маълумотларни келтирган. Мана шундай тарихий манбалар аждодларимизнинг салоҳияти нечоғли юксак эканлигидан дарак берса, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ҳам ота-боболаримизнинг мероси шунчалик қадрланаётганини кўрсатади. Бинобарин, жаҳон халқлари ўртасида маданий алоқаларни, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда мусиқа санъатининг роли ниҳоятда катта. Бу ғоянинг таъсирчан ифодаси, айниқса, халқимизнинг боқий қадриятлари, осойишталик, дўстлик, инсоний комиллик ҳақидаги орзу-интилишларида яққол сезилади.
* * *
«Шарқ тароналари — 2015» мусиқа фестивали муносабати билан Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар иштирокида Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn