Тинчлик ва дўстлик тараннуми
  • 25 Август 2015

Тинчлик ва дўстлик тараннуми

Кўҳна ҳамда ҳамиша навқирон Самарқанд шу кунларда янада кўркам ва гўзал қиёфага кирган. Унинг бағрида жойлашган жаҳон нигоҳидаги қадимий осориатиқалар ҳар қачонгидан-да фусункорлик касб этган.

Сайёрамизнинг энг олис ҳудудларидан ҳам санъаткорлар ва мусиқа ихлосмандларининг қатнашиши мазкур анжуман нуфузининг тобора ошиб бораётганидан далолатдир.
Президентимиз ташаббуси билан асос солинган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дилрабо қўшиқлар янграйдиган, дунёнинг манаман деган санъаткорларини чорлайдиган юксак шодиёнадир. Бунда тан олинган овоз, эътироф этилган иқтидор беллашади, аниқроғи, маҳобатли Регистон майдонида ижро қилинадиган наволар кўнгилларга ўзгача шукуҳ олиб киради.
Аҳамиятли томони шундаки, бундаги хонишлар қайси тилда янграшидан қатъи назар, уларда инсонийлик, муҳаббат, тинчлик тараннум этилади.
—    Эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган мазкур халқаро мусиқа анжуманида ўзига хос ҳикмат бор, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, 1997 йилда илк бор ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивалининг биринчи ўрин соҳибаси Муножат Йўлчиева. — Бу ҳикмат шундан иборатки, Ер юзининг айрим жойларида таҳликали вазият ҳукм сурган бир пайтда бундай санъат байрамининг ўтказилиши турли миллат ва халқларни тинчликка, бирдамликка чорлайди. Биз, ижод аҳли асрлар давомида шаклланган удумларимиз, санъатимиз орқали дунёга тинчлик деган сўзни тараннум қиламиз. Шунинг учун ҳам бугун барчамиз “Шарқ тароналари” халқаро фестивалини интиқлик билан кутамиз.
Дарҳақиқат, осойишта ҳаёт завқини кўрмоқчи бўлганлар бугун Ўзбекистонга, Самарқандга келиб, бир-бирлари билан дийдорлашмоқдалар, меҳрга, муҳаббатга ошно тутинаяптилар. Дўст-иноқ бўлиб, кўҳна шаҳарнинг табаррук жойларини зиёрат қилмоқдалар. Айни шу аҳилликнинг таъсири қалблардан-қалбларга ўтиб, барчанинг дилидан, тилидан шукроналик аримайди. Бундан кўринадики, ушбу фестиваль кўнгилларни забт этгани яна бир карра исботланмоқда. Бинобарин, шундай ажойиб санъат анжуманининг мамлакатимизда ўтказилиши ҳар биримизга беқиёс фахру ифтихор бағишлайди, албатта.
— Самарқанд кундан-кун чирой очмоқда, — дейди “Регистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қаҳрамон Собиров. — Бу ўзгариш ва янгиланишларни ҳар қадамда кўриш мумкин. Айниқса, Регистон майдони янада гўзаллашган. Шундай фаровон ва осуда юртимиз бор. Ниятимиз, мамлакатимиз тинч бўлсин, бундай фестиваллар кўпаяверсин. Чунки бу каби тантаналар турли миллат ва халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзуида илмий-назарий конференция ўтказилади. Бундан мақсад, азал-азалдан шаклланган мумтоз санъатимизни тарғиб этиш, ноёб иқтидор соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Чиндан-да, ушбу фестивалнинг ҳар жиҳатдан аҳамияти беқиёс. Унинг дунё узра қулоч ёзиб, эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, “Шарқ тароналари” дунё халқларини бирлаштирувчи, тинчлик-хотиржамликни, дўстликни мадҳ этувчи ажойиб тантанадирки, баайни шу туфайли бу байрам мангуликка дахлдордир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn