Губбио шаҳри Италия — Ўзбекистон халқаро санъат ва дўстлик фестивалининг мезбони
Версия для печати
  • 22 Август 2015

Губбио шаҳри Италия — Ўзбекистон халқаро санъат ва дўстлик фестивалининг мезбони

Италиянинг Губбио шаҳридаги Консуллар саройида “Италия — Ўзбекистон” халқаро санъат ва дўстлик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур тадбир Губбио шаҳри мэрияси, Перуджа провинцияси ва Умбрия ҳудуди маъмурияти томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси, мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси, ”Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Наутартис” халқаро маданият уюшмаси кўмагида ташкил этилди.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Губбио шаҳрида учинчи маротаба ўтказилаётган бундай фестиваль дастлаб Франция ва Япония мамлакатларига, бу сафар эса Ўзбекистонга бағишланди.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари ҳамда ўзбек тасвирий санъати намояндалари ушбу тадбирнинг фахрий меҳмонлари бўлишди.
Фестивалда ўзбек миллий тасвирий санъат усталари томонидан ишланган асарлар билан бир қаторда, дунёнинг Италия, Япония, Германия, Бельгия, АҚШ, Болгария, Нидерландия, Сенегал, Куба, Эрон, Ливия, Австрия ва Канада сингари 50 мамлакатидан келган санъат усталари ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида мазкур минтақанинг расмий ва маданий доиралари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлди. Фестивалда Губбио шаҳридаги “Диочезано” музейи директори Кати Моначелли, тарих фанлари доктори Катрина Калабризе, профессор Людовико Гиэрут сингари Италиянинг таниқли арбоблари қатнашгани санъат ихлосмандлари учун катта воқеа бўлди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири тадбирнинг айрим иширокчилари билан суҳбатда бўлди. 

Матилда ОРСИНИ,
“Наутартис” халқаро маданият уюшмаси асосчиси:
— Мазкур тадбир Италия жамоатчилигини ўзбек халқининг бой тарихи ва маданияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши билан яқиндан таништириш имконини беради. 
Ўзбекистонда бўлиш менга ҳали насиб этмаган бўлса-да, мамлакатингиздаги маданият ташкилотлари билан йўлга қўйилган алоқаларимиз асосида юртингизнинг бой тарихий-маданий мероси жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортиб келаётганини англадим.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида халқингизга муваффақият ва фаровонлик тилайман.

Арналдо ПАУЗЕЛЛИ,
“Наутартис” халқаро маданият уюшмаси президенти:
— Ўзбекистон ҳақида сўз юритилар экан, ҳар бир италиялик Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз сингари шаҳарларнинг маҳобатли меъморий обидаларини, гўзал табиатини илиқ таассуротлар билан ёдга олади.  
Мамлакатларимиз ўртасида маданий жабҳадаги, айниқса, тасвирий санъат соҳасидаги ҳамкорлик катта салоҳиятга эга. Ўзбекистон диёри ўзининг иқтидорли намояндалари билан дунёга машҳур. Бугунги санъат форуми тарихий илдизлари қадим ўтмишга бориб тақаладиган икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман. Ҳамкорлигимиз ёрқин истиқболларга эга эканлигига ишонаман. 
Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами ўзбек халқи қадимий анъаналари, унинг ўзига хослиги ва маданияти тикланишининг рамзи ҳисобланади. Мазкур байрам юртингизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарога, шунингдек, мамлакат манавияти ва маданиятини янада юксалтиришга бел боғлаган ҳар бир санъат арбоби учун беҳад қадрлидир. 
Кириб келаётган байрам муносабати билан Ўзбекистон халқига тинчлик ва осойишталик, фаровонлик, узоқ умр, саломатлик ва омадлар тилайман.

Аида АБДУЛЛАЕВА,
рассом, фестивал ташкилий қўмитаси аъзоси:
— Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялаш, барча соҳада, шу жумладан, тасвирий санъат соҳасида ёш иқтидорларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури сингари кенг миқёсли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани ёш авлодни буюк бобокалонларининг бой тажрибасидан ўрнак олган ҳолда миллий анъана ва қадриятларга садоқат, меҳнатсеварлик, адолатпарварлик ва ҳалоллик руҳида тарбия олишга даъват этади.  
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини ушбу қутлуғ айём — Мустақиллик байрами билан чин юракдан муборакбод этаман ва мамлакат тараққиёти ҳамда гуллаб-яшнаши йўлида муваффақиятлар тилаб қоламан. 

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn