Суратларда бунёдкорлик шижоати
  • 22 Август 2015

Суратларда бунёдкорлик шижоати

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, пойтахтимизда ҳам улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бири-биридан кўркам бинолар, кўча ва хиёбонлар, кўприклар бунёд этилди.

Бу борада, айниқса, Истиқлол, Истиқбол, Бунёдкор ҳамда Нурафшон кўчаларидаги улкан ўзгаришлар ҳаммани бирдек ҳайратга солади.
Таниқли фотомусаввир Абдуғани Жумаевнинг Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган “Музаффар йиллар, нурафшон йўллар, қудратли қўллар кафтида юксалган кўприк” деб номланган фотокўргазмаси  шу каби ўзгаришлар силсиласига бағишланган.
Суратларда акс этган Нурафшон кўчаси ҳамда Хадра майдонидаги беқиёс қурилишлар, чин маънода, инсон қўли билан яратилган мўъжизадир. Уларни томоша қилган киши ўзида ажиб бир кўтаринкилик, фахр ва ифтихор ҳиссини туяди. Айниқса, кенг ҳамда равон кўчалар, кўприклар, мафтункор фавворалар, турфа гулларга бурканган хиёбонлар суратлари дилга ёқимли туйғу бахш этади.
Набираларини етаклаб, райҳон бўйларига тўлган кўчаларни кезаётган отахон ва онахонларнинг чеҳрасида мамнунлик, шукроналик ҳисси балқиб туради. Жажжи болажонлар эса шўх-шодон яйрайди, тиниқ ва мусаффо нигоҳ билан атрофга боқади. Зеро, азим шаҳримизнинг бугунги жамоли, тенгсиз қиёфаси ёшу қарини бирдек ўзига ром этади.
Тунги чироқлар остидаги пойтахтимиз кўчалари янада гўзаллашади. Юртдошларимизнинг эмин-эркин сайр қилиши, суҳбат қуриши, тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимиздан далолат беради.
Қисқаси, фотомусаввирнинг тийрак нигоҳи ила суратга туширилган бу каби манзаралар бетакрор ва ягона Ватанимиз — Ўзбекистонимизнинг буюклигини, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини ифода этади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn