«Шарқ тароналари» дунё халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда»
  • 20 Август 2015

«Шарқ тароналари» дунё халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда»

Ҳадемай, Самарқанддаги машҳур Регистон майдонида жаҳон халқларининг куй-қўшиқлари яна янграй бошлайди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган  “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи маротаба ўтказилади. У бир неча кунлардан кейин дунёнинг элликдан зиёд мамлакатлари вакилларини ўз атрофига жамлайди.

Ушбу муҳим тадбир арафасида “Жаҳон” ахборот агентлигининг Токиодаги мухбири “Шарқ тароналари”да иштирок этадиган япониялик санъаткорлар билан мулоқотда бўлди.

Томоко ЙОШИДЗУМИ,
«Nagauta Yoshizumi-kai” мусиқа уюшмасининг бадиий раҳбари:
— Бизнинг маданий гуруҳимиз 9 нафар чолғучидан ташкил топган. Улар кўҳна шамисен мусиқа асбобини чалишади. Самарқанд шаҳрининг тарихий маскани — Регистон майдонида бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли халқаро фестивалда япон мусиқасини ижро этиб, ўз санъатимизни ўзбек халқига ҳамда анжуманнинг бошқа иштирокчиларига намойиш этиш биз учун жуда катта шарафдир.
Ўзбекистонда бой тарих ва кўп миллатли маданият мавжуд. Мамлакатингиз ҳудуди асрлар давомида илм-фан ва маърифат ўчоғи бўлиб инсониятга хизмат қилган. Қадимий Самарқанд ҳам бетакрор Шарқнинг ранглар уйғунлигини ўзида мужассамлаштирган Буюк Ипак йўлидаги тарихий марказ сифатида Японияда машҳурдир.
“Шарқ тароналари” дунё халқлари ўртасидаги дўстликни ва бир-бирини тўғри тушунишни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Шу билан бирга, мазкур маданий анжуман Ўзбекистоннинг тарихий меросини хорижий юртларда оммалаштиришга ҳам хизмат қилади.

Геничи ТСУГЕ,
Токио санъат университетининг фахрий профессори:
— Мустақил ривожланиш йиллари давомида Ўзбекистонда мусиқа санъатини чуқур ўрганиш ва уни янада ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакатда ёш истеъдодларни ўқитиш учун эътиборга молик пойдевор шаклланди, мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ушбу йўналишдаги коллеж ва лицейлар, маданият саройлари барпо этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган  ҳамда ЮНЕСКО шафелигида ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали жаҳон мусиқа санъати ривожига бебаҳо ҳисса қўшмоқда. Анжуман турли халқлар ва миллатлар вакилларини бирлаштиришга, тинчлик ҳамда дўстликни мустаҳкамлашга ва Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилмоқда.
Мен бундан ўн йил муқаддам мазкур фестивалда иштирок этишга муяссар бўлган эдим. Жорий йилда ҳам ушбу нуфузли маданий тадбирнинг иштирокчилари сафидан жой олганимдан беҳад бахтиёрман. Ишончим комилки, “Шарқ тароналари”нинг юбилей анжумани ўзига хос ва ёрқин воқеаларга бой бўлади.
Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида халқингизни ушбу улуғ байрам билан қутлар эканман, тинчлик, муваффақиятлар ва фаровонлик тилайман.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn