Истиқлол тараннуми
Версия для печати
  • 19 Август 2015

Истиқлол тараннуми

“Туркистон” саройида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг якуний босқичи ва гала-концерт бўлиб ўтди.

“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган ушбу санъат байрамида кўрик-танловнинг қатор вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар тизимида ғолиб бўлган ижрочи ҳамда ижодий жамоалари, шунингдек, санъатга ихтисослаштирилган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, таниқли санъаткорлар ҳамда ёшлар қатнашди.
Туғилиб ўсган гўша, она-Ватан инсон учун энг мўътабар макон. Унинг қайноқ тафтини, қадрини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шу боис уни асраб-авайлаш, тинч ва осудалиги, равнақи йўлида меҳнат қилиш шу юртда яшовчи ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Бинобарин, Ватанни куйлаш, шаънини улуғлаш ҳам олижаноб фазилатлардан саналади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови азиз ва табаррук юртимизга бўлган садоқат, унинг тақдири учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишни рағбатлантириш ҳамда уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантиришда муҳим омил бўлаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ёзувчилар ҳамда Бастакорлар уюшмалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида истиқлолимизни тараннум этишга қаратилган энг сара куй-қўшиқлар, мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” анъанавий республика кўрик-танловини юқори даражада ўтказиш белгиланган.
Шу маънода, кўрик-танловнинг барча босқичида янграган мусиқа оҳанглари замирида мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, умуман олганда, кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни англаш, бошқача айтганда, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя ҳамда мақсадлар мужассам.
Ижрочиларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани туфайли кўрик-танловнинг барча босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди. Иштирокчиларнинг чиқишлари бастакорлар, шоир ҳамда малакали мутахассислар гуруҳидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Ушбу мусиқа анжуманининг Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тизимидаги босқичларида жами 57 минг 630 нафардан зиёд ижрочи қатнашди. Истеъдодли ёшларнинг ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлари сараланиб, кўрик-танловнинг сўнгги босқичида санъатсеварлар эътиборига ҳавола этилди.
— Мазкур танловга бир қатор қўшиқларни тайёрлаб келдик, — дейди Урганч шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Ниятбек Маҳмудов. — Давлатимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган улкан эътибор ва ғамхўрлиги ана шу қўшиқларимизда ўз ифодасини топган.
Танловда юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, фаровон ҳаётимиз, бағрикенг ва меҳнатсевар халқимиз, ёшларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, шунингдек, кексаларимизга кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эҳтиром руҳи сингдирилган куй-қўшиқлар барчада хуш таассурот қолдирди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn