Миср нашри «Шарқ тароналари» ҳақида
  • 18 Август 2015

Миср нашри «Шарқ тароналари» ҳақида

Яқинда Миср Араб Республикасида нашр қилинадиган “ал-Ақлам ва ал-Қутуб” илмий-оммабоп журналида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига бағишланган мақола чоп этилди.

Унда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур ажойиб куй-қўшиқ байрами халқаро ҳамкорлик соҳасидаги муҳим анъанавий маданий воқеалардан бирига айланиб улгурди. “Самарқанд шаҳрида ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман турли мамлакатлар санъат аҳли ва олимлари ўртасида ижодий алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилаётгани баробарида, турли қитъаларда мусиқа билан боғлиқ рўй бераётган жараёнларнинг интеграциялашувига ҳам имкон яратмоқда”, дея ёзилади “ал-Ақлам ва ал-Қутуб” журнали саҳифаларида.
Хусусан. мақолада жаҳон халқларининг ноёб мусиқий мероси ҳамда анъаналарини тарғиб этиб, ёш авлод қалбида санъатга, мусиқага меҳр уйғотиб келаётган мазкур фестиваль дунё халқлари ўртасида ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва маданий алоқалар доирасини кенгайтиришга ҳам хизмат қилаётгани алоҳида айтиб ўтилган. Нашрда таъкидланганидек, “Шарқ тароналари” қисқа даврда жуда ҳам оммавийлашгани ҳолда, бутун дунёдан иштирокчиларни оҳанрабодек ўзига жалб этмоқда”.
Дарҳақиқат, мазкур халқаро маданий анжуманнинг мақсади инсонларни гўзаллик, нафосат ҳамда эзгуликка даъват қилиш, жаҳон халқларининг ноёб мусиқий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, тили, маданияти, миллий қадриятлари ранг-баранг бўлган турли миллат ва элатларни санъат воситасида янада жипслаштиришдан иборатдир.
Мақолада фестиваль қатнашчиларининг нафақат сони, балки ижодий даражаси ҳам тобора юксалаётгани хусусида атрофлича тўхталиб ўтилган. “Шарқ тароналари”да иштирок этаётган мамлакатлар жуғрофияси ҳам кенгайиб бормоқда. Агар 1997 йилда ўтказилган дастлабки фестивалда 31 мамлакат вакиллари ўз санъатларини намойиш қилган бўлса, 2013 йилда ташкиллаштирилган тўққизинчи фестивалда 53 давлатнинг мусиқа ва санъат намояндалари қатнашди”, дейилади, жумладан, унда.
Шунингдек, журналда мазкур маданий форум доирасида дунё халқларининг кўп асрлик мусиқий анъаналарини асраш ҳамда ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинадиган халқаро илмий-назарий конференцияни ўтказиш ҳам анъана тусини олгани ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.
Мақола якунида эса бугунги кунларда Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари”нинг ўнинчи, яъни юбилей анжуманига пухта ҳозирлик кўрилаётгани билдирилган.

«Жаҳон» АА.
Қоҳира

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn