Ватанга муҳаббат тараннуми
Версия для печати
  • 06 Август 2015

Ватанга муҳаббат тараннуми

Ўзбекистон давлат консерваториясида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда мусиқашунослар, бастакорлар, хонандалар, санъат ихлосмандлари, талаба-ёшлар қатнашди.
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўғил-қизларимиз қалбида эзгу ғояларни шакллантириш, уларни ватанпарварлик, фидойилик, юртга садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашда миллий мусиқа санъати ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2009 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови бу борада алоҳида аҳамият касб этаётир.
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган бу галги танловнинг барча босқичида жами 3100 нафардан ортиқ яккахон иштирокчилар, 30 дан зиёд ансамбль ва бадиий жамоалар қатнашди. Унинг республика босқичида эса 64 нафар яккахон ижрочи, шунингдек, Андижон вилоятининг “Олтин соз”, Наманган вилоятининг “Тарона” ашула ва рақс ансамбллари, Навоий вилоятининг “Фонтера”, Фарғона вилоятининг “Қўшиқчи йигитлар” гуруҳлари энг сара мусиқий чиқишларини тақдим этдилар.
Танловнинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида ўтказилаётганида ҳам катта маъно мужассам. Бинобарин, унда янграган куй-қўшиқларда она-диёримизнинг муқаддаслиги, тинч ва осуда ҳаётимиз қадри, истиқлол йилларида эришилган улкан марралар, умуман, самимий туйғулар баралла куйланди.
Кўрик-танловда Тошкент вилояти вакили Ҳамроз Деҳқонов, Фарғона вилоятининг “Қўшиқчи йигитлар” гуруҳи ҳамда Тошкент шаҳридан “Фарҳод ва Ширин” дуэти ғолиб, деб топилди.
— Ватан, она-диёр ҳақида куйлаш катта шараф, — дейди биринчи ўрин соҳиби Ҳамроз Деҳқонов. — Зеро, бундай қўшиқлар ҳар бир юртдошимизни шу азиз юртимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, унинг равнақи йўлида бор куч-ғайратини ишга солиб хизмат қилишга ундайди.
Тадбирда истиқлол берган улкан имкониятлар, фаровон ҳаётимиз, гўзал Ўзбекистонимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn