Боқий қадриятлар эъзози
  • 05 Август 2015

Боқий қадриятлар эъзози

Миллий қадриятлар — халқимизнинг бебаҳо бойлиги.  Мустақиллик йилларида уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда қадриятларимизнинг ажралмас қисми саналган халқ амалий санъатига эътибор кучайди.

Ҳунармандчиликнинг унутилаёзган кўплаб турлари қайта тикланди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими шакллантирилди. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
— Соҳа вакиллари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни ўз фаолиятлари мисолида дилдан ҳис этиб туришибди, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси раҳбари Акбар Муҳамедов. — Чунончи, уларга солиқ тўлови борасида имтиёзлар берилган. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги Фармонига мувофиқ, ана шу имтиёзлар 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилди. Бундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлаётган халқ амалий санъати усталаримиз дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўз кўргазмаларини ташкил қилишаяпти. Халқаро анжуманларда фаол қатнашиб, миллий ҳунармандчилигимизни жаҳонга кўз-кўз этишаётир. Ҳозиргача уюшмамизнинг юз нафардан зиёд аъзоси АҚШ, Япония, Франция, Германия, Англия, Швейцария, Италия, Малайзия каби қатор давлатларда ўтказилган ана шундай тадбирларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллади. Беш нафар вакилимиз ЮНЕСКОнинг “Моҳир ҳунарманд уста” сертификати билан тақдирланди. Президент соврини учун ўтказиб келинаётган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида ҳозирги кунга қадар тўрт нафар устамиз биринчи ўринни, икки нафар ҳунармандимиз 2-ўринни, яна иккита вакилимиз эса 3-ўринни эгаллаган.
Эътиборли жиҳати, ёшларимиз ўртасида ҳам халқ амалий санъатига  қизиқиш кучаймоқда. Агар уюшма ташкил топган 1997 йилда аъзолар сони 200 нафар атрофида бўлса, айни пайтга келиб улар сони 1200 нафардан ошди. Фирдавс Абдуллаев ана шундай навқирон авлод вакилларидан биридир.
— Ҳунармандларга кенг имкониятлар яратиб берилаётганидан руҳланиб, мен ҳам ушбу соҳада астойдил фаолият юрита бошладим, — дейди у. — Ипак гиламлар тўқишни, сўзаналар тикишни йўлга қўйдим. “Устоз — шогирд” мактабини ташкил этдим. Ҳозир қадимий Бухоронинг қоқ марказида жойлашган цехимизда ўттиз нафардан зиёд қиз меҳнат қилаяпти. Уларнинг барчаси истиқлол фарзандларидир.
— Ҳунармандчиликка болалигимдан қизиқаман, — дейди Зарнигор Яҳёева. — Уч йилдирки, ипак гиламлар тўқиш билан машғулман. Бу ерда устозим Мастура Маҳмудовадан ҳунар сирларини ўргандим. Ҳозир “Қашқои” деган миллий гилам тўқияпман. Дизайни мураккаб бўлгани боис бу ишни олти ойда якунига етказаман. Гиламдўзлик кишидан сабр-тоқат, қунт билан ишлашни талаб қилади. Маҳсулотларимиз ўзининг бетакрор жилоси, жозибаси билан хорижлик сайёҳларни мафтун этганида, амалий санъатнинг шу турини танлаганимдан хурсанд бўлиб кетаман.
Эътиборли жиҳати, Зарнигор сингари ҳунарга меҳр қўйган ёшлар учун вилоятда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан 55 та “Устоз — шогирд” мактаби ташкил этилган. Жорий йилда касб-ҳунар коллежларининг 100 нафар битирувчиси ишлаб чиқариш амалиётини худди шу мактабларда ўтади. Бинобарин, “ўиждувон кулоллик маркази”, Вобкент туманидаги “Ҳунармандчилик”, Бухоро шаҳридаги “Мис кандакорлиги”, “Совға”, “Заргарлик”, Шофиркон туманидаги “Каштачилик” марказларида ҳам ёшлар ҳунар сирларини қунт билан ўрганишаяпти.
Вилоятда халқ амалий санъатини ривожлантиришга бўлган эътибор йил сайин ошиб бормоқда. Шу ўринда бир мисол. Бухоро шаҳрининг Ибн Сино ва Афросиёб кўчалари кесишмасидан 42 та ер майдони амалий санъат усталарига бепул ажратилди. Бу ерда ҳунармандлар шаҳарчаси қад ростлайди. Ушбу маскан вилоят туризм салоҳиятининг юксалишига, янги иш ўринлари яратилишига, пировардида халқ амалий санъати равнақига хизмат қилади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn