«Шарқ тароналари» алоҳида нуфузга эга бўлган халқаро анжумандир»
  • 31 Июль 2015

«Шарқ тароналари» алоҳида нуфузга эга бўлган халқаро анжумандир»

Маълумки, ҳадемай Самарқанд шаҳрида дунёнинг 50 дан зиёд мамлакати вакиллари иштирокида “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали бошланади.

Ушбу халқаро куй-қўшиқ анжуманида қатнашадиган барча санъаткорлар айни пайтда бўлажак санъат беллашувига қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Яқинда “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири Бельгия ва Нидерландиядан ташриф буюрадиган санъаткорлар билан учрашиб, уларнинг “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Ҳилде ФРАТУЭР,
Бельгиянинг “Trio HoP” гуруҳи хонандаси:
— “Шарқ тароналари” халқлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ўнинчи маротаба ўтказиладиган мазкур халқаро мусиқа анжумани яна ўз атрофига дунёнинг турли мамлакатлари вакилларини жамлайди, созандаю хонандаларга маҳоратларини намоён этиши учун ажойиб имконият яратади. Бу жуда яхши ташаббусдир, албатта.
Ўзбекистонда бундай фестивалнинг ташкил этилгани таҳсинга лойиқ. “Шарқ тароналари” халқаро тадбир сифатида анъана тусига киргани ҳам юртингизда маданий соҳа ривожига катта эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.
Дунёда “халқаро мусиқа ва санъат фестивали” сифатида уюштириладиган маданий тадбирлар ниҳоятда кўп. Бироқ улар орасида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали алоҳида нуфузга эга бўлган анжумандир. Чунки у санъат аҳлига жаҳон халқларининг миллий санъати ҳамда ижро анъаналарини мукаммал намойиш этиш имконини яратади. “Шарқ тароналари”нинг тарихий шаҳар — Самарқанддаги машҳур Регистон майдонида ўтказилиши эса тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлайди.
Биз “Шарқ тароналари”нинг ўнинчи, яъни юбилей тадбирида иштирок этаётганимиздан беҳад мамнунмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, фестиваль қатнашчиларига омад ва муваффақиятлар тилайман. “Шарқ тароналари” дунё ижодкорларини бирлаштиришда давом этаверсин.

Лауренс ВАН ДЕР ЗИ,
Нидерландиядаги “Folkcorn” фольклор гуруҳи раҳбари:
— Мана, 20 йилдирки, маданий гуруҳимиз дунёнинг турли мамлакатларида ўтказиладиган қатор танловларда қатнашиб келади. Бу йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Голландия халқининг миллий анъаналари услубида тайёрланган маданий дастуримиз билан иштирок этамиз. Шубҳасиз, бу биз учун фахр. Умид қиламизки, биз ҳозирлаган мусиқали чиқиш барчага манзур бўлади.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа анжуманида турли мамлакатлардан келган кўплаб ижодий жамоаларнинг ижоди билан яқиндан танишишимиз, ўзаро фикр алмашишимиз ва ҳатто, репертуаримизни уларнинг асарлари билан бойитишимиз ҳам мумкин.
Тадбирда машҳур созандалар, бастакору фольклор санъати усталарининг қатнашаётгани мазкур мусиқа фестивалига қизиқиш дунё миқёсида тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Биз ҳам Голландия халқининг тарихи, маданияти ва анъаналарини муносиб равишда намоён этишга астойдил ҳаракат қиламиз.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали Шарқнинг тарихий пойтахти — Самарқанд шаҳрида ўтказилиши санъаткорларга ўзгача илҳом бағишлайди.
Биз Ўзбекистон ва унинг Самарқанд, Хива ҳамда Бухоро сингари тарихий шаҳарлари, улар бағрида жойлашган ажойиб тарихий-меъморий ёдгорликлар ҳақида, юртингизнинг ноёб табиати, кўҳна ва бой анъаналари, ўзбек халқининг ўзига хос урф-одатлари хусусида кўп эшитганмиз. Ишончимиз комилки, ҳадемай, бу борадаги билимларимизни янада бойитишга муваффақ бўламиз.
Бугунги имкониятдан фойдаланган ҳолда, “Шарқ тароналари”нинг барча қатнашчиларини қутлаймиз. Ушбу халқаро анжуман ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимизни изҳор этишдан беҳад бахтиёрмиз. Умид қиламизки, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали узоқ-узоқ йиллар давомида дилларга завқу шавқ улашаверади.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn