Оламга нур сочган остонамдирсан
  • 29 Июль 2015

Оламга нур сочган остонамдирсан

Кўкламлар, баҳорлар бўлгайлар такрор,

Турналар келгайлар такрор ҳар баҳор.
Қушлар, қалдирғочлар қайтгайлар минг бор,
Фақат дунёда бир мангу чаман бор,
Фақат Ватан мангу, Ватан бетакрор.
Офтоб кўшкин қурган кошонамдирсан,
Офтобдай оламни тутган имконим.
Бетакроримсан, ягонамдирсан,
Она Ватаним — Ўзбекистоним!

Аҳли оламки бор — кўрган, қувонган,
Олам то кўрмаса иқрор  бўлмагай.
Дунёда бундайин меҳристон Ватан
Ягонадир фақат — такрор бўлмагай.
Оламга нур сочган остонамдирсан,
Олам аҳли билган ғурурим, шоним.
Бетакроримсан, ягонамдирсан,
Она Ватаним — Ўзбекистоним!

Хор бўлган кунларни кўрган халқдирсан,
Зор бўлган кунларни кўрган халқдирсан.
Буғдой бошоғидай униб, ранж чекиб,
Бор бўлган кунларни кўрган халқдирсан.
Дилимда тоабад шукронамдирсан,
Асрларга татир ҳар тонг, ҳар оним.
Бетакроримсан, ягонамдирсан,
Она Ватаним — Ўзбекистоним!

Ҳар гиёҳ топганда файз ила жамол,
Меҳру эъзозда ҳам ўзинг ягона.
Ўғил-қизларингга ўзингсан камол,
Ўзинг парвонасан,
Ўзингсан Она.
Толеимни берган замонамдирсан,
Кетмас бўлиб келган давру давроним.
Бетакроримсан, ягонамдирсан,
Она Ватаним — Ўзбекистоним!

Ватан барчамизга буюк онадир,
Ватан ҳам, Она ҳам келмагай айро.
Бу ёруғ дунёда Она танҳодир,
Бу ёруғ дунёда Ватан ҳам танҳо.
Сен танҳо беҳиштим — сен Онамдирсан,
Сен бахтим, сарварим, марди майдоним.
Бетакроримсан, ягонамдирсан,
Она Ватаним — Ўзбекистоним!


Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn