Халқаро танловлардаги юксак эътироф
  • 24 Июль 2015

Халқаро танловлардаги юксак эътироф

Яқинда Италиянинг Римини шаҳрида бўлиб ўтган ёш ижрочиларнинг халқаро танловида бир гуруҳ ўқувчиларимиз ғолибликни қўлга киритди. Унда МДҲ мамлакатлари, Франция, Италиядан ёш мусиқачилар қатнашиб, жами йигирма икки йўналишда ўз иқтидорларини намойиш этишди.

Якунда Тошкент шаҳридаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Нурилло Носиров зарбли чолғулар бўйича Гран-прини қўлга киритган бўлса, пойтахтимиздаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Мадина Саидазимова ҳамда Комила Зоҳидова вокал йўналиши бўйича биринчи ўринга муносиб топилди. Шунингдек, фортепиано, доира, дутор, скрипка каби йўналишларда ҳам юртимиз ёшлари фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни банд этишди. Умумий ҳисобда эса ўн олти нафар ўқувчимиз муваффақият қозонди.
Яна бир қувончли хабар пойтахтимиздаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг Болгарияда рақс бўйича бўлиб ўтган халқаро фестивалда ғолибликни қўлга киритгани билан боғлиқ.
Танловда МДҲ ҳамда Европанинг бир қатор давлатларидан йигирмага яқин рақс ансамбллари қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, мазкур мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Табассум” рақс жамоаси “Халқ услубидаги рақс” йўналишида биринчи, “Эстрада рақси” йўналишида эса иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимиздаги ушбу йўналишга ихтисослаштирилган муассасалар бутунлай замонавий қиёфа касб этди. Уларда таълим сифати яхшиланиб, ўқувчиларнинг билим олиш даражаси юксалди. Пойтахтимиздаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби рақс жамоасининг муваффақияти ҳам бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, муассасанинг илғор ўқув ва ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминлангани билан бевосита боғлиқ. Қарийб уч юз нафар ўқувчига мўлжалланган кўркам ва муаззам бинодаги замонавий синфхоналар, концерт зали, махсус хореография, оркестр ўқув заллари ўқувчилар ихтиёрида.
— Мактабимизда санъат ва мусиқа таълимини замон талаблари асосида йўлга қўйиш учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди унинг директори ўринбосари Одина Раҳимова. — Албатта, бу ёшларимизнинг нафақат республикамиз, балки хориждаги ижодий беллашувларда ҳам улкан марраларга эришишига замин яратаётир.
Шу каби имкониятлар юртимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб вояга етказиш йўлида чексиз меҳр кўрсатилаётгани ва юксак эътибор берилаётганининг амалий натижасидир.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn