Сариқўрғон синоатлари
  • 18 Июль 2015

Сариқўрғон синоатлари

Сариқўрғон — Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида, Сўх дарёсининг қуйилиш қисмида жойлашган сўлим қишлоқ. Бу манзил ўзига хос табиати, мўътадил иқлими, асрлар қаърига яширинган сир-синоатлари билан маълуму машҳур.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Сариқўрғон замини, асосан, сариқ рангли соз тупроқдан таркиб топгани боис, “сариқ тупроқли қалъа” деб юритилган. Яна бир манбага кўра, қишлоқ номи форсча “сар” ва қўрғон сўзлари бирикмасидан ҳосил бўлиб, бош қўрғон маъносини англатади. Аммо бир гуруҳ олимлар мазкур ҳудудни ўрганиш жараёнида бошқачароқ хулосага келдилар. Яъни Сариқўрғон атамаси ўзаги — “сар” форс-тожик тилидаги “ҳисор”, яъни қаср сўзи қисқартмасидир.
Қишлоқдаги дастлабки текширув ва қазишма ишлари 1882 йилда археолог А. Миддендорф томонидан олиб борилгани бизга маълум. Кейинчалик, 1932 йилда Я. ўуломов ва М. Массон ҳам Сариқўрғонда тадқиқотлар ўтказган.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатадики, қадимда мазкур ҳудудда қаср мавжуд бўлган. Ҳозир бу ердаги афсонавий тепалик бундан шоҳидлик бериб турибди.
Маълумки, қасрлар, асосан, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда бунёд этилган. Сариқўрғоннинг сувбоши, яъни Сўх дарёси ўнг тарафида жойлашгани, обиҳаётга сероблиги, тупроғининг унумдорлигини инобатга олсак, ушбу тахмин ҳақиқатга яқин эканлиги ойдинлашади.
Албатта, йиллар, асрлар ўтиши билан бугун ана шу қаср харобалари устида ҳосил бўлган тепаликкина мозийдан гувоҳлик бериб турибди. Буни мўғул босқинчилари Фарғона водийси ҳудудини ишғол қилгани ва ана шу талатўплар сабаб қишлоқ вайронага айлангани билан изоҳлаш мумкин. Тарихчи олимлар Ҳамидулла Ҳасанов ва Турғун Рўзиев олиб борган изланишлар натижасига кўра, эрамизнинг VIII-ХI асрларга дахлдор бўлган Тамашон шаҳри ҳозирги Сариқўрғон ҳудудига тўғри келади. Ушбу кент қадимда Ҳўқанди Латиф сингари гуллаб-яшнаган бўлиб, ХIII асрда мўғуллар томонидан тўлиқ яксон қилинган. Гарчи шаҳар йиллар ўтиб қайта тикланган бўлса-да, аммо аввалги мавқеига кўтарила олмаган. Шу тариқа Тамашон ҳукмдорининг “Сариқўрғон” номига асос бўлган қасри ҳам бора-бора вайронага айланган. Кейинчалик Қўқон мудофааси ва сув таъминотини тўғри тақсимлаш, Сўхдан чиқиб келадиган асосий сув йўлини назоратда ушлаш мақсадида қаср харобалари устига мудофаа қўрғони — қалъа қурилган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, мазкур ҳудуд ободонлаштирилиб, зиёратгоҳ манзилга айлантирилаяпти. Пировардида ёзнинг жазирамасида Сариқўрғонга дам олиш учун келувчи маҳаллий сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпаймоқда. Зеро, қишлоқнинг гўзал ва бетакрор табиати истиқболда бу ерда экотуризмни равнақ топтириш имконини бериши, шубҳасиз.

Отабек ХОЛМАТОВ.
Учкўприк тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn