Халқаро фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
  • 11 Июль 2015

Халқаро фестивалга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Хабарингиз бор, жорий йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилади. Ана шу нуфузли анжуманни ҳар галгидек кўтаринки руҳда ташкил қилиш мақсадида айни пайтда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида тайёргарлик ишлари қизғин тус олган.

Ҳудуднинг ҳар бир мавзесида ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари уюштирилиб, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлиги ён-атрофга янада кўрку чирой бағишламоқда.
Аввало, эътироф этиш керакки, шу йилнинг кўкламидан шаҳар кўчалари, майдонлари ва хиёбонларига 23 минг тупдан зиёд каштан, япон софораси, Қрим қарағайи, оққайин каби манзарали ва игнабаргли дарахт кўчатлари экилганлиги ҳудуд қиёфасини буткул ўзгартириб юборди.
Шунингдек, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, қадимий гўшанинг диққатга сазовор жойларида маҳаллалар, тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар кўмагида экилган бир миллионга яқин голланд питунияси, салвия, шафранг, гатсания, которантус, 40 минг тупдан зиёд райҳон каби гул кўчатлари бугун ўзгача чирой очиб, кўрган кўзни қувонтираяпти.
Ана шундай хайрли ишлар Самарқанд шаҳрининг Рудакий, Али Қушчи, Термиз, Нодирабегим кўчалари ва Архитекторлар боғи, Хўжа Дониёр мақбараси ҳамда бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилди. Фестивалда иштирок этадиган хорижлик меҳмонлар Ургут, Пайариқ, Тайлоқ, Самарқанд, Пастдарғом каби туманлар марказларида ҳам бўлиши режалаштирилган. Шу боис айни пайтда мазкур ҳудудларда ҳам тайёргарлик ишларига киришилган.
Эътиборлиси, фестиваль бўлиб ўтадиган Регистон майдонида саҳна қуриб битказилиб, ушбу жойда ҳамда Ҳамид Олимжон номидаги вилоят драма ва мусиқа театрининг балет залида репетиция жараёнлари олиб борилаётир.
— Ўзбекистон халқ артисти, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев бошчилигида мутахассислар, балетмейстерлар фестивалга қизғин ҳозирлик кўришмоқда, — дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Камолидин Мизамов. — Вилоятдаги олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар коллежларидан жалб этилган ёшлар билан ҳам машғулотлар олиб борилаяпти. Талабалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, келиб-кетишлари учун махсус автобуслар ажратилган, қисқача айтганда, уларга барча шарт-шароит яратилган.
Хуллас, кўҳна ва қадимий Самарқандда шу кунларда бўлган киши фестиваль шукуҳини дарҳол сезади. Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик тантаналарига уланиб кетадиган ушбу санъат анжумани халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эгалиги билан ҳам барчанинг диққат-эътиборини ўзига қаратмоқда. Зеро, куй-қўшиқ азал-азалдан эзгуликка хизмат қилиб келган.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn