Миллий кашталар сеҳри
  • 10 Июль 2015

Миллий кашталар сеҳри

Когон шаҳрида истиқомат қилувчи Нигора Неъматова икки йилдан буён каштачилик билан шуғулланади. Лекин шу қисқа муддат ҳунарманд қизнинг бутун бошли коллекция яратиши учун кифоя қилди. Эътиборли жиҳати, Нигора халқ амалий санъатининг ушбу қадимий турига ижодий ёндашмоқда. Бахмал матога ноанъанавий манзаралар тасвирини тушираяпти.

Ёш истеъдод эгаси ҳар бир асари устида қунт билан ишлайди. Каштачилик кишидан нафақат маҳорат, сабр-тоқат, балки чуқур билим ҳам талаб қилишини яхши англайди. Унинг  давлатимиз байроғи, герби, юртимиз қадимий обидалари тасвири акс этган ижод намуналари бир қатор кўргазмаларда юқори баҳоланди. Бу асарлар ўзининг нафислиги, рангларининг тиниқлиги билан диққатни тортади.
— Касбдошим Акмалжон билан аждодларимиз яратган ноёб дурдоналарни излаб топиш, кулолликнинг унутилган усулларини қайта тиклаш устида изланишлар олиб бораяпмиз, — дейди ғиждувонлик ёш ҳунарманд Ҳасан Шаропов. — Чунончи, IX-X асрлар Бухоро кулоллиги намуналари суратини топдик. Улар ўз шакли, ранглари, қолаверса, тайёрлаш усули билан бошқа даврлар кулоллигидан яққол ажралиб туради. Ҳозир ўша даврга хос буюмларни ясаш устида иш олиб бораяпмиз.
Ҳунарга меҳр қўйган ёшларнинг яна бири Нозима Саъдуллаевадир. Бухоро туманидаги Лоша қишлоғида яшовчи бу қиз қуроқчилик санъатини замонавий безаклар билан бойитишга интилмоқда. Яъни либослар дизайнида қуроқлардан фойдаланмоқда. Бунда унинг Бухоро қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида олаётган билимлари ҳам қўл келаяпти, албатта.
— Бугунги ёшларнинг миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини ўрганишга иштиёқи жуда кучли, — дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Шабон Халилова. — Уларнинг, айниқса, зардўзлик, заргарлик, наққошлик каби илдизи минг йилларга бориб тақалувчи халқ амалий санъати турларига янгича жозиба олиб киришаётгани диққатга сазовордир. Бу интилиш қадимий ҳунармандчилигимизни янги поғонага олиб чиқиши, шубҳасиз. Бунда уларга касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир, албатта. Турли кўргазма ва кўрик-танловларда ҳунарманд ёшларнинг қўллаб-қувватланаётганини айтмайсизми?!
Дарҳақиқат, қадриятларимизнинг узвий бўлаги саналган халқ амалий санъатининг эртаси уни ардоқлайдиган, асраб-авайлайдиган ёшлар қўлида экани барчамизни қувонтиради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn