Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли тараққиётига қўшган ҳиссаси Валенсияда бўлиб ўтган халқаро конференцияда муҳокама этилди
  • 09 Июль 2015

Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли тараққиётига қўшган ҳиссаси Валенсияда бўлиб ўтган халқаро конференцияда муҳокама этилди

Испаниянинг Валенсия шаҳрида “Ғарб ва Буюк Ипак йўли” мавзуига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Испания ҳукумати ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуман доирасида мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан ушбу кўҳна трансминтақавий йўл ривожланишига Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси мавзуидаги тақдимот маросими уюштирилди.

Конференция чоғида унинг иштирокчилари — таниқли олим ва экспертлар, жаҳондаги 30 дан зиёд давлатнинг сиёсий ҳамда ишбилармон доиралари делегациялари Шарқ ва ўарб ўртасидаги савдо муносабатлари, маданиятлараро, илмий алоқалар тараққиётида Буюк Ипак йўлининг аҳамиятини, шунингдек, янги тарихий шароитларда унинг қайта тикланиши истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тақдимот маросимида мамлакатимиз тарихан Буюк Ипак йўлида жуда муҳим ўрин тутгани, нафақат савдо алоқалари, балки маданиятлараро ва цивилизациялараро муносабатларнинг ривожига ҳам улкан ҳисса қўшгани Ўзбекистон томонидан қайд этилди.
Шунингдек, маросим қатнашчилари мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш, маданий-тарихий меросни, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги машҳур меъморий ёдгорликларни қайта тиклаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан ҳам яқиндан танишди.
Тақдимот халқаро анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотганини улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам яққол тасдиқлайди.
— Ўзбекистон бой ва кўҳна тарихга эга мамлакатдир, — деди сенатор, Испаниянинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлик бўйича миллий мувофиқлаштирувчиси Хосе Мария Чикульо. — Турли маданиятлар ва цивилизациялар марказида жойлашган мамлакатингиз дунё тараққиётига катта ҳисса қўшган. Бугун биз Шарқ ва ўарб халқларининг тарихидаги савдо ҳамда маданий муносабатлар ривожланишида Буюк Ипак йўлининг аҳамиятини муҳокама қилдик. Бу ўринда Ўзбекистонни, юртингиздаги қадим йўлнинг чорраҳаси бўлган ажойиб шаҳарларини тилга олмаслик мумкин эмас.
— Ўзбекистон янги замон шароитларида Буюк Ипак йўлини тиклашга йўналтирилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда, — деди Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг (ЮНВТО) Европа бўйича минтақавий директори Изабель Гаранья. — Ўтган йили БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси Самарқандда юқори даражада ташкил этилгани ҳам дунёда Ўзбекистонга улкан туристик салоҳиятга эга бўлган мамлакат сифатида қаралаётганининг тасдиғи бўлди.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn