«Шарқ тароналари» дунё халқларини эзгуликка чорловчи мусиқа фестивалидир
  • 11 Июнь 2015

«Шарқ тароналари» дунё халқларини эзгуликка чорловчи мусиқа фестивалидир

Истиқлол туфайли миллий маданиятимиз ва санъатимизни дунёга кўрсатиш, тарғиб қилиш имконияти туғилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, азалий анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, ёш авлод қалбида санъатга меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, гўзалликни, чин инсоний қадриятларни тараннум этиш, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бебаҳо қўшиқлар янграйдиган, жаҳоннинг таниқли санъаткорларини чорлайдиган нуфузли шодиёнадир. Аҳамиятли томони шундаки, бундаги хонишлар қайси тилда янграшидан қатъи назар, уларда она-Ватан, инсонийлик, муҳаббат, тинчлик тараннум этилади.
Биласиз, жорий йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилади. Шу муносабат билан ушбу санъат байрамига Самарқанд шаҳрида қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шаҳарни фестиваль руҳига мос безатиш, Регистон майдонида асосий саҳна ва томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатиш, “Сўғдиёна”, “Ёшлик” истироҳат боғлари, “Мўъжиза” амфитеатрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этадиган қатнашчилар, фольклор жамоалар сараланаяпти. Фестиваль иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида ҳамда музейларда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тарихига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ташкилий қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, меҳмонларни кутиб олиш ҳамда жойлаштириш, уларга юқори сифатли замонавий сервис хизмати кўрсатиш, гид-экскурсовод ва таржимонлар тайёрлаш, вилоят бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш каби муҳим масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгиланиб, уларни амалга оширувчи масъуллар тайинланган. Мақсад жаҳон узра донг таратган фестивални янада кўтаринки руҳда ўтказишдир.
Халқлар ўртасидаги ўзаро маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу мусиқа анжуманининг йилдан-йилга мавқеи ошиб бормоқда. Хусусан, 1997 йилда илк бора ўтказилган санъат байрамида 31 давлатдан вакиллар қатнашган бўлса, 2013 йилда 60 га яқин мамлакатлардан санъаткорлар иштирок этди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки миллий анъаналар ва замон руҳини ўзида мужассам этган мазкур нуфузли тадбир Ер юзидаги турли халқларнинг маънавий олами, орзу-интилишларини ифода этиб, инсонларни дўстлик ва ҳамкорликка чорловчи эзгулик минбарига айланди.
— “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг нима учун айнан Регистон майдонида ўтказилишига қизиқардим, — дейди испаниялик хонанда Ана АЛКАНДЕ. — 2013 йилда ушбу санъат байрамида қатнашиб, амин бўлдимки, бу маҳобатли манзилда сўз билан ифодалаб бўлмайдиган қандайдир сеҳр бор, оҳанрабо мужассам. Қўшиқ анжуманига ташриф буюрган барча меҳмонлар қатори мен ҳам бир нарсадан ҳайратландим. Яъни майдонда овоз шу даражада чиройли акс садо берадики, буни энг замонавий мусиқа асбобида ҳам чиқариш мумкин эмас.
— “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўзида юксак ғояларни мужассам этган, — дейди Ўзбекистон халқ артисти, мазкур фестиваль ғолибларидан бири Матлуба Дадабоева. — Бунда асрлар давомида шаклланган удумларимиз, санъатимиз орқали дунёга тинчлик, деган сўзни тараннум этамиз. Бунга Президентимиз кенг йўл очиб бердилар. Ушбу йўл эзгулик манзилига элтиши муқаррар бўлгани учун ҳам дунёнинг энг машҳур санъаткорлари биз билан жўровоз бўлишга интиқ.
Дарҳақиқат, жаҳон санъат аҳли бу ерга тўпланиб фақат қўшиқ айтмайди, балки бир-бирлари билан дийдорлашади. Шу маънода, дунё санъаткорлари меҳр истаб, муҳаббат истаб юртимизга талпинади. Бунга мисол тарзида 2013 йилда бўлиб ўтган тўққизинчи фестивални олайлик. Ўшанда ҳиндистонлик санъаткор Рашми Агарвал хоним қўшиқ айтаётганда анжуманга йиғилган турли миллат вакиллари унга жўр бўлишди. Асл қўшиқнинг миллат танламаслиги, қалбларга етиб бориб, кўнгилни забт этиши шу тарзда яна бир карра ўз исботини топди.
Фестиваль шарофати билан хориждан келадиган меҳмонлар гўзал ва бетакрор Самарқандни кўришга мушарраф бўладилар. Айниқса, бу ерда кейинги йилларда қад ростлаган замонавий ва муҳташам бинолар, янгиланган кўча ва хиёбонлар, аслиятига мос тарзда таъмирланган тарихий биноларнинг кўрку таровати ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Мухтасар айтганда, жорий йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик тантаналарига ҳамоҳанг тарзда ўтади. Бу эса унга янада кўтаринки руҳ бахш этиши, шубҳасиз.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn