Қўшиқларга кўчган орзулар
  • 10 Июнь 2015

Қўшиқларга кўчган орзулар

Ўзбекистон давлат консерваториясида маданият ва санъат коллежлари ҳамда мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари томонидан ўтказилган ушбу танловда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 443 нафар ўқувчи ўз маҳоратини намойиш этди. Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори санъатни равнақ топтириш, навқирон авлод вакилларининг истеъдодини юзага чиқариш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва улар фаолиятини янада яхшилашга оид қарори асосида республикамизнинг барча ҳудудида замонавий мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилди. Бугунги кунда ушбу масканларда минг-минглаб ўғил-қизлар пухта билим олишмоқда. Улар орасидан юртимиз ҳамда халқаро миқёсда ўтказилаётган ижодий беллашувларнинг ғолиб ва совриндорлари кўплаб етишиб чиқаётгани қувонарлидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори ўқувчи-ёшларни мусиқа санъатининг юксак намуналари асосида тарбиялаш, уларнинг ижрочилик маҳорати ва бадиий дидини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Мазкур танлов ҳам ушбу қарорга мувофиқ ташкил қилинган бўлиб, унда ёшлар дамли ва зарбли ҳамда торли халқ чолғулари, академик хонандалик, фортепьяно, анъанавий ижрочилик, эстрада, хореография, театр санъати, фольклор ижрочилиги каби ўнта йўналиш ва олтмишга яқин номинация бўйича ўз иқтидорларини синовдан ўтказишди.
Танловнинг финал босқичи бир ҳафта давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби, В. Успенский ва Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган академик лицейларида ташкил этилди.
Шуни таъкидлаш керакки, танлов ғолиблари махсус гувоҳнома асосида мутахассислигига мос олий таълим муассасаларига қўшимча имтиҳонларсиз ва тест синовларисиз қабул қилинади.
— Танлов менга бир олам қувонч бағишлади, — дейди анъанавий хонандалик йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ўқувчиси Жамшидбек Очилов. — Ушбу ижодий беллашув туфайли бир қанча тенгдошларим билан танишдим. Давлатимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигидан жуда хурсандмиз.
Тадбирда танлов ғолибларига диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn