Ипак ва зираворлар фестивали
  • 30 Май 2015

Ипак ва зираворлар фестивали

Юртимизга байрамлар ярашади. Анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали ҳам кўпчилик орзиқиб кутадиган тадбирлардан биридир. У халқимизнинг бебаҳо меросини дунёга кўз-кўз этувчи  анжуман  сифатида тобора  оммалашиб бораяпти.

Бу йилги фестивалда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан халқ амалий санъати ихлосмандлари, соҳа мутахассислари, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, ҳунармандлар иштирок этишгани юртимизга, халқимизнинг моддий ва маънавий меросига қизиқиш йил сайин ошаётганидан далолатдир.
Мазкур тадбирнинг айнан Бухорода ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Негаки,  қадимий шаҳар тарихий обидалар ва урф-одатлар, анъаналарни ўзида жамулжам этган дунёдаги ноёб гўшалардан бири саналади. Кўҳна Бухоро ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. Фестивалнинг очилиш маросимида сўз олган  ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Европа учун минтақавий дастури вакили Бека Жакели ва бошқалар ана шуларни алоҳида таъкидлади.
Қадимий Арк қалъасидан Лаби Ҳовуз соҳилларигача бўлган ҳудуд байрамона қиёфа касб этди. Карнай-сурнай садолари, миллий либослардаги ёшлар, фольклор дасталарининг чиқишлари, тинчлик, истиқлол мадҳ этилган куй-қўшиқлар,  рақс ва лапарлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
— Ўзбекистонга илк бор келишим, — дейди венгриялик ҳунарманд Видак Иштван. — Даставвал, Тошкент, кейин афсонавий Самарқанд шаҳарларини томоша қилдим. Вақт тиғиз бўлса-да, Бухорони сайр қилишга ҳам улгурдим. Ушбу замин дунёнинг энг чиройли шаҳарларидан бири эканлигига гувоҳ бўлдим. Шарқона шаҳарнинг камалакранг жилосини кўриш насиб этганидан хурсандман. Халқингизнинг меҳмондўстлигига тан бердим. Дунёнинг турли жойларидан келган ҳунармандлар билан ўзаро тажриба алмашдим. Мени, айниқса, бу юрт аҳлининг меҳнатсеварлиги, ҳунарга меҳр қўйгани ҳайратлантирди.
Тадбир доирасида ипак матолар ва зираворлар савдоси ташкил этилди. ўиждувон кулоллиги, Бухоро мис-кандакорлиги, ипак гилам, каштачилик, зардўзлик мактаблари усталари маҳорат сабоқлари ўтказдилар. Тасвирий ҳамда амалий санъат галереяси ва фоторассомлар кўргазмаси, миллий либослар намойиши уюштирилди. Миллий ўйинлар мусобақаси ҳамда ош сайли ташкил этилди.
Шунингдек, мамлакатимиз ва чет эллик олимлар, халқаро сайёҳлик ташкилотлари вакиллари иштирокида “Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғини ҳисобланган Бухорони халқаро туризм марказларидан бирига айлантиришнинг истиқболлари” мавзуида илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтди.
Якунда кўҳна шаҳарнинг Пои Калон мажмуида концерт дастури намойиш этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn