Сурхон кашталари жилоси хорижликларни ҳам мафтун этмоқда
  • 29 Май 2015

Сурхон кашталари жилоси хорижликларни ҳам мафтун этмоқда

Шўрчилик Ихлима Тошбоева ҳунармандчиликни ардоқлаб, кам бўлмади. У, Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

— Момоларим Сурхондарё каштачилик мактабининг сир-синоатини пухта эгаллашган экан, — дейди Ихлима опа. — Менга эса бу ҳунарни онам ўргатган. Қувонарлиси, Юртбошимиз эътибори ва ғамхўрлиги туфайли миллий ҳунармандчилигимиз равнақ топиб, унинг санъат асари даражасидаги намуналари бугун дунё аҳлини ҳам мафтун этмоқда. Биз тиккан қўнғирот салла, тиллақош, гулдўзи дўппи, бўйин тупак, девол сўзана, каштали болиш, жамалак, шарақай гилам, аёллар дўпписи ва тақинчоқларимиз довруғи халқаро ташкилотлар — БМТ, ЮНЕСКО томонидан эътироф этилгани, Япония, Австралия ҳамда Швейцарияда ўтказилган  кўргазмаларда намойиш қилингани бунга мисол бўла олади.
Шу боис воҳамизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, албатта, туманимизга келиб, бетакрор кашта ва сўзаналаримизни  соатлаб томоша қилишади ҳамда эсдалик, зийнат учун сотиб олишади. Сабаби, ушбу бадиий ҳунармандчилик намуналарида Сурхон табиати, халқимиз урф-одатлари ўзига хос тарзда акс эттирилган.
Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатаётган ҳунар эгалари учун Президентимизнинг 2008 йил 1 апрелдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий  ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонлари кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Гап шундаки, ушбу ҳужжатларда қатъий белгиланган солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлган якка тадбиркорлар учун 2017 йил 1 январгача узайтирилди. Шу боис бугунги кунда ёш ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Хусусан, Ихлима опанинг 70 нафардан зиёд шогирдлари бор. Шулардан бири Роҳат Тангирбердиева бўлиб, у “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида фахрли ўринни қўлга киритган.
—  Бугун халқ оғзаки ижодиёти йўналишида қўшиқ ва лапарлар айтаётган кўпчилик ҳофизлар, шунингдек, раққосалар, фольклор-этнографик даста иштирокчилари бизнинг каштали либосларимизни кийиб, саҳнага чиқишмоқда, — дея сўзини давом эттиради Ихлима Тошбоева. — Ҳар гал уларни кўрганимда, жонажон Ўзбекистонимизнинг маданияти ва санъати ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимиздан фахрланиб кетаман. 
Мухтасар айтганда, истиқлол шарофати туфайли қадриятларимиз тикланиб, миллий ҳунармандчиликка бўлган эътибор янада ортгани Сурхон воҳаси ҳунармандларини янги ижодий парвозлар сари ундамоқда. Бунинг маҳсули эса уларнинг кашта ва сўзаналарига муҳрланган турфа жилоларда яққол намоён бўлаётир.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn