Бебаҳо меросимиз кўзгуси
  • 16 Май 2015

Бебаҳо меросимиз кўзгуси

Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг барча жабҳасида бўлгани каби маданий соҳада ҳам туб бурилиш ясади. Жумладан, миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш, бой меросимизни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратила бошланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони музейлар ишини ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётир.
Бугунги кунда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида 444 та музей фаолият кўрсатмоқда.
Ана шундай масканлар раҳбарлари ҳамда илмий ходимларини музей иши соҳасидаги янгиликлар, илғор тажрибалар билан яқиндан таништириш, кўргазмалар ташкил этишда ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг январь — апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекмузей” жамғармаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Музейлар бошқаруви” мавзуида ўтказилган семинарлар бунга яққол мисолдир. Уларда Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Ўзбекистон геология музейи, Халқаро Амир Темур фонди, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти вакилларидан иборат мутахассислар гуруҳи қатнашиб, машғулотлар олиб боришди. “Ўзбекистонда музейларни ташкил этиш масалалари”, “Музей ашёлари ва музей  коллекцияларини ҳисобга олиш тартиби”, “Музейнинг илмий концепцияси”, “Музей фаолиятида ташрифчилар учун хизматлар ва ҳамкорлик масалалари”, “Музейларга болаларни жалб этишда педагогик технологияларнинг ўрни” ва “Виртуал музей истиқболлари” каби мавзулардаги маърузалар тадбир иштирокчиларининг соҳага оид билимларини бойитишда алоҳида ўрин тутгани шубҳасиз.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида музейлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами беқиёс. Юксак эътибор туфайли яна кўплаб музейлар бунёд этилди, мавжудларининг иши эса замон талаблари даражасида йўлга қўйилди, музей-қўриқхоналар ташкил қилинди. Темурийлар тарихи Давлат музейи, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Термиз археология музейи, Олимпия шон-шуҳрати музейи каби ўнлаб масканлар барпо этилгани ва Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги очиқ осмон остидаги музейлар қайтадан таъмирлангани фикримиз тасдиғидир.
Пойтахтимизга ташриф буюрган меҳмон саёҳати давомида, албатта, Темурийлар тарихи Давлат музейида ҳам бўлади. Ушбу муҳташам мажмуада Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти, санъати билан яқиндан танишиш мумкин. Экспонатлар аждодларимизнинг улкан салоҳиятидан сўзлайди. Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги осориатиқалар эса ўзбек давлатчилиги тарихининг нақадар қадимийлиги ва юксаклиги тўғрисида сўзлайди, қолаверса, ҳар бир даврга оид ашёлар бетакрорлиги билан кишида ҳайрат туйғусини уйғотади. Қатағон қурбонлари хотираси музейи кўргазмалари Ватанимиз мустақиллиги йўлида қурбон бўлган фидойи фарзандлар тўғрисида маълумот беради. Бу музей ёш авлод онгида истиқлол неъматининг нақадар бебаҳо ва юксак эканлиги, унинг қадрига етиш кераклиги ҳақида янада теран фикр уйғотади. Термиз археология музейида сақланаётган археологик топилмалар ҳам ноёблиги, илмий тадқиқотлар учун манба бўла олиши билан қадрлидир. Олимпия шон-шуҳрати музейи истиқлол йилларида мамлакатимиз спортчиларининг энг нуфузли халқаро мусобақаларда қўлга киритган улкан муваффақиятлари тўғрисида кенг маълумот етказади. Ўзбекистон халқ амалий санъати, Ўзбекистон давлат санъат музейларидаги экспонатлар халқимизнинг бой ҳунармандчилик хазинаси, ўзига хос тасвирий санъат асарлари, уларнинг жанрларини тараннум этади. Қадимий шаҳарларимиздаги очиқ осмон остидаги музейлар эса дунёнинг турли томонларидан келаётган сайёҳларни ҳайратда қолдирмоқда ва уларнинг оқими йилдан-йилга ортиб бораяпти.
Айтиш жоизки, музейшунослик кенг фан тармоғи бўлиб, ўзида тарих, археология, санъатшунослик, социология, педагогика, фалсафа, эстетика, компьютер технологиялари каби бир қатор соҳаларни қамраб олган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида музейшунослик йўналиши фаолият юритади, айнан ушбу таълим даргоҳи соҳа учун кадрлар тайёрлаб берадиган ягона илм маскани ҳисобланади. Бу ерда талабалар бакалавр, магистратура ҳамда докторантура босқичларида таҳсил олишади.
Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўсиб келаётган ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига халқимизнинг бой миллий маданий мероси ва тарихий ўтмишини ҳурмат қилиш ҳамда эъзозлашни сингдириш ва аҳолининг дам олишини мазмунли ташкил этиш борасида яна бир муҳим қадам бўлганини таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу қарорга мувофиқ, ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар давлат музейларига бепул киритилаяпти. Бунинг аҳамияти эса ниҳоятда катта.
Халқаро музейлар кенгашининг Бош конференцияси қарорига асосан, 1977 йилдан буён 18 май — Халқаро музейлар куни сифатида нишонлаб келинади. Ушбу сана мамлакатимиз маданий ҳаётининг ҳам муҳим воқеаларидан бирига айланган.
Шу куни ўзбек музейлари жамоатчиликни ўз фаолиятининг янги жиҳатлари билан таништиради, очиқ эшиклар кунлари ўтказилади, турли кўргазмалар ташкил этилади.
Мухтасар айтганда, музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,
Темурийлар тарихи Давлат музейи
бўлим мудири, тарих фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn