Олтин овозлар сеҳри
  • 16 Май 2015

Олтин овозлар сеҳри

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ёш опера ижрочиларининг “Ёшлик баҳори” республика кўрик-фестивали ғолиб ва совриндорлари ҳамда Ёшлар йиғма симфоник оркестри ижрочилари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда мусиқа ихлосмандлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон миллий симфоник, камер, халқ чолғулари оркестрлари жамоалари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг юксак намуналаридан баҳраманд этиш, уларнинг истеъдодини камол топтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, опера санъатини ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янги поғонага кўтарди.
Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол вояга етказиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, онгу шуурида она-Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш, шунингдек, аждодларимиздан қолган беназир мусиқий асарларни ёшлар қалбига сингдириш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар ўзининг ёрқин самарасини бермоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қароридан сўнг юртимизнинг барча ҳудудида бири-биридан муҳташам санъат кошоналари бунёд этилиб, уларда ўзбек мумтоз ҳамда жаҳон санъатининг нодир турлари ёшларимизга чуқур ўргатилмоқда. Хусусан, машҳур итальян операси ҳам навқирон авлод вакилларининг энг севимли машғулотларидан бирига айланган. Шу боисдан операга ихлосманд ёш санъаткорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораяпти. Энг муҳими, улар мумтоз санъат намуналарини шу даражада маҳорат билан ижро этишаяптики, ёшларимиз иқтидори нафақат мамлакатимиз бастакорлари, балки дунёнинг кўзга кўринган забардаст опера хонандалари ҳамда мутахассислари томонидан ҳам алоҳида эътирофини топмоқда.
Дарвоқе, барча соҳалар сингари санъат ҳам кишидан катта истеъдод ва маҳорат талаб қилади. Айниқса, ўзида бир қатор жанрларни мужассам этган опера санъат йўналишлари ичида энг мураккаби ва гултожидир. Шунинг учун ҳам маданияти юксалган халқларда ушбу ижро тури алоҳида қадрланади.
Пойтахтимизда ниҳоясига етган ёш опера ижрочиларининг “Ёшлик баҳори” республика кўрик-фестивали ҳам ўғил-қизларимизнинг иқтидорини кенг намойиш этишга хизмат қилди. Хусусан, мазкур мусиқа анжумани юртимиздаги кўплаб ёш истеъдодларни кашф этиб берди.
— Мамлакатимиз иқтидор эгаларига жуда бой, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри хонандаси Рамиз Усмонов. — Ушбу фестивалда қатнашган кўплаб ёш ижрочиларимиз салоҳияти ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди. Уларнинг билими, маҳорати, интилишлари ва таъбир жоиз бўлса, олтин овозлари ҳар бир санъат ихлосмандида катта қизиқиш уйғотди.
Умуман олганда, Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган ушбу санъат байрамида ёшларимиз жаҳонга машҳур опералардан ариялар, романслар ижро этишди. Таниқли композиторлар, хонандалар, концертмейстерлар ва бошқа мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди.
Кўрик-фестиваль натижаларига кўра, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари Фарангиз Шамсиева 1-ўрин, Беҳзод Давронов 2-ўрин ҳамда Ангелина Аҳмедова 3-ўрин соҳиби бўлишди. Қолаверса, турли йўналишлар бўйича ёш иқтидор эгалари аниқланиб, рағбатлантирилди.
— Тадбир доирасида кўплаб истеъдодли тенгқурларим билан танишдим, — дейди фестиваль ғолибаси Фарангиз Шамсиева. — Албатта, бу юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг яққол самарасидир. Ушбу муваффақиятим эса мени халқаро миқёсдаги танловларда ғолиблик сари руҳлантириши табиий.
Концертда ёш ижрочилар томонидан ўзбек ва жаҳон композиторларининг энг сара асарларидан намуналар куйланди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn