Япониялик олимлар Ўзбекистоннинг бой тарихи ҳақида
  • 14 Май 2015

Япониялик олимлар Ўзбекистоннинг бой тарихи ҳақида

Япониядаги Ришшо университетида Кунчиқар мамлакат тадқиқотчилари томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган археологик қазилма ишлари мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир доирасида ташкил этилган Сурхондарё вилояти тарихи ҳамда унинг археология ёдгорликлари тақдимоти чоғида Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа ва Зартепа сингари шаҳарчалардаги қадимги буддавийлик ёдгорликларига оид маълумотлар мулоқотларнинг асосий мавзуи бўлди. Маълумот тариқасида шуни қайд этиш керакки, Ришшо университети (Rissho University) Япониядаги энг қадимги таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унга 1872 йили асос солинган. Ушбу олий ўқув юрти 20 та факультетни, 15 та тадқиқот институти ва марказларни бирлаштирган. Ришшо университетида 12 минг нафар талаба таҳсил олади. У ерда хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатадиган 40 та олий ўқув юрти билан ўзаро шериклик алоқалари йўлга қўйилган. 
Япония университетларининг профессор ва тадқиқотчилари, илмий-академик доиралари вакиллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг бой тарихи ўз илдизлари билан минг йилликлар қаърига бориб туташади. Асрлар давомида Ўзбекистон ҳудуди кўплаб миллатлар, диний қарашлар, анъана ва маданиятлар ўчоғи бўлган. Ўзбек заминидаги кўпгина археология ёдгорликлари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири тадбирнинг айрим қатнашчилари билан мулоқотда бўлди.

* * *
— 2014 йили олий ўқув юртимиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади, — дейди Ришшо университети профессори Харухи Ясуда. — Биз яқинда Термиздаги Қоратепа шаҳарчасида қўшма археологик қазилма ишларини олиб бордик. Бундан кўзланган мақсад қазилма ишлари маълумотлари асосида қадимги халқлар маданиятининг бирикуви кузатилган Қоратепа орқали буддавийликнинг Шарққа тарқалиши тарихини очиб беришдир.
Бизнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишларимиз Ўзбекистоннинг кўҳна тарихи ва маданиятини тадқиқ этишда муҳим натижалар беради ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади, деб умид қиламан.
— Мен Сурхондарё вилояти ҳудудидаги археологик қазилма ишларида иштирок этиб келаётганимга 25 йилдан ошди, — деди япон археолог олими, “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Като. — Сурхондарё меъморий ёдгорликлари ўзбек халқининг ноёб ва ривожланган тарихи илдизлари жуда чуқур  эканлигини тасдиқламоқда. Маданиятлар ва динлар чорраҳасида бўлган ўлкангиз бутун минтақанинг ривожланишида муҳим ўрин тутган.
Ўзбекистонда буюк аждодларнинг бой маданий мероси асраб-авайлаб келинаётгани баробарида, археология ёдгорликларини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани ҳам қувонарли ҳолдир.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn