Ҳар тошида ҳикмат бор
  • 13 Май 2015

Ҳар тошида ҳикмат бор

Оҳангарон воҳаси тарихини ўрганишга бел боғлаган қадимшунослар юртимизнинг шимоли-шарқидаги бепоён сарҳадларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тилсимотларга дуч келдилар. Бу ердаги оёқ турмас қияликларда олиб борилган қазишма ишлари давомида топилган ашёларнинг камида 25 — 35 минг йиллик ўтмиши бор экан.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз ўзининг буюк давлатчилик тарихи, теран илдизларига эга. Ҳозирги Оҳангарон воҳаси ўрнида жойлашган Илоқ давлати ҳам азалдан илм-фан, маърифат ва маданият ўчоқларидан бири бўлган. Манбаларда Илоқнинг бетакрор табиати, конлари, қўлигул уста-ҳунармандлари ижод намуналарига оид қимматли маълумотлар келтирилган. Ҳудуддаги Қорахитой, Сусам, Увак, Қурама, Эртош каби қадимий топонимлар этимологияси ҳам аждодларимиз маънавий ҳаётининг ёрқин ва бебаҳо тимсолларидир.
Воҳа замини турли нодир маъдан ва қазилмаларга бой. Тадқиқотчиларнинг эътирофича, бу ерда Менделеев даврий тизимидаги деярли барча элемент учрайди. Шу боис мазкур ҳудуд азалдан кон-металлургия саноатининг муҳим ўчоқларидан бири бўлиб келган. Х аср араб географларидан Ал-Истаҳрий “Илоқ конлари энг мустаҳкам конлардир. Улардан қазиб олинган кумуш, олтин ва мис сифати бўйича энг яхшисидир”, деб ёзган.
Юртимиздаги рангли металл рудаларининг захиралари, асосан, шу воҳанинг Олмалиқ ҳудудида жамланган. Чунончи, Қалмоққир кони минтақамиздаги энг ноёб конлардан бири бўлиб, бу ерда мис-молибден рудаларини қазиб чиқариш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётир.
Оҳангарон дарёсининг чап қирғоғидан Лашкараксой бошланади. Унинг ўзанига яқин ҳудудлар тахминан 10 — 12 аср муқаддам кончилар қолдирган тоғ жинслари билан лиммо-лим. Худди шу жойдаги кумушга ниҳоятда бой бўлган кон эса ўтмишда “Кўксим” деб аталган. Унинг шарофати билан Илоқ давлати Шарқда ноёб металлар қазиб олинадиган йирик марказга айланган. Ажабланарлиси, минг йил аввал бугунгидек қудратли кончилик техникалари бўлмаган. Бироқ аждодларимизнинг юксак зеҳни ва тафаккури боис Илоқ металлурглари ўрта асрлардаёқ “Буюк афсунгарлар” деб ном олган.
Ўша кезларда “Кўксим” конлари 300 метргача кавлаб борилган. Кончилар ўзларини ҳимоялаш учун мустаҳкамловчи восита сифатида арча ходаларидан фойдаланишган. Руда эритувчилар учун эса игнабарглилар зўр ёқилғи ҳисобланган. Шу сабабли бугун ёндош ҳудудлардан фарқли ўлароқ, бу ерда қуюқ арчазорлар кўзга ташланмайди.
— Илоқда ўша даврларда халқ ҳунармандчилиги, жумладан, темирчилик, мискарлик, заргарлик кенг тараққий этган, — дейди қадимшунос олим, техника фанлари доктори Абдурашид Ҳасанов. — Энг муҳими, қадимий давлат ўзининг зарбхонасига ҳам эга бўлган. Сомонийлар ва Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида пул зарб этилган. Шу билан бирга, кулоллик анъаналари ҳам ривожланган. Қазишмалар чоғида топилган минг йиллик хумлар қолдиғидаги ранглар ҳали ҳам ўз жилосини йўқотмагани, сариқ ранг билан сирланган уй-рўзғор анжомлари эса ҳеч бир жойда учрамагани ана шундан далолатдир.
Пурвиқор Қурама тоғлари теграсидаги овлоқ жой — Кўлбулоқ дараси воҳанинг энг кўҳна қўрғонларидан бири саналади. Бу ерда полиолит даврига мансуб ибтидоий одамлар манзилгоҳи топилган. Тошқуроллар, гулхан куллари Кўлбулоқда 100 минг йил аввал ҳам инсонлар яшаганини англатади. Унинг суви турфа маъданларга бой бўлгани учун ниҳоятда шифобахш саналади.
Қурама ва Чотқол тоғ тизмалари бўйлаб аждодларимизнинг ўчмас дастхати — қоятош битиклари ўрин олган. Бундай расмларни тизмаларнинг кўп нуқталарида учратиш мумкин. От минган овчилар, камонбозлар, сершох буғулар, тоғ эчкиларининг ноёб тасвирлари ўзига хос тасвирий санъат галереясини эслатади.
— Не бахтки, мустақиллик бизга тарихий илдизларимизни чуқур ўрганиш имконини берди, — дейди “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Зарифа Эшмирзаева. — Шунинг шарофати билан ўтган қисқа давр ичида Оҳангарондаги харобага айланиб қолган бир неча қадамжоларни қайта тиклашга, обод қилишга муваффақ бўлдик. Бугун бу ердаги Ҳазрати Али, Шоабдумалик ота зиёратгоҳлари хорижлик сайёҳлар эътиборини тортаётир.
Воҳадаги тарихий қадамжоларда олиб борилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари бу борадаги хайрли саъй-ҳаракатларнинг бир қисми, холос. Бинобарин, ҳудуддаги кўплаб табаррук қадамжолар, тарихий обидалар бамисоли қайта ҳаёт бахш этувчи ўз тадқиқотчиларини, ўз ижодкорларини кутмоқда.


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn