Мангуликка муҳрланган эҳтиром
  • 12 Май 2015

Мангуликка муҳрланган эҳтиром

Пойтахтимизда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуи очилганига ўн беш йил тўлди. Мамлакатимизда юрт равнақи йўлида муносиб хизмат қилган, фидойилик кўрсатган, адолат ва тарихий ҳақиқатни тиклаш борасидаги интилишлари учун қатағонга учраган кишиларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2000 йилнинг 12 май куни Тошкентнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи очилгани ҳам ана шу эъзоз ва эҳтиром ифодасидир. 130 йил давом этган мустамлакачилик йилларида Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотираси ушбу ёдгорликда абадий муҳрланган. 2001 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, 31 август мамлакатимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” деб эълон қилинди.
Бу ёдгорлик мажмуи кўпдан-кўп тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган қадимий Бўзсув соҳилида барпо этилган. Айнан шу ерда ўша давр зиёлиларининг энг сара вакиллари — адиблар, олимлар, адабиётшунослар, актёрлар ва муҳандислар зимдан йўқ қилинган. Инсоний қадр-қиммати топталган, ҳаёти поймол этилган бу одамлар орасида юртимизда истиқомат қилган деярли барча миллат ва элат вакиллари бор эди.
Мажмуа қурилиши давомида ўтганлар руҳини ёд этиб, минглаб юртдошларимиз, кекса авлод, зиёлилар, адабиёт ва санъат аҳли, турли касб эгалари ҳашарлар уюштириб, беғараз меҳнат қилди. Умумий майдони 16,5 гектардан иборат ёдгорлик мажмуини шартли равишда беш қисмга бўлиш мумкин.
Биринчиси, унинг марказидаги баландлиги 27 метрли ротонда бўлиб, мармар билан қопланган 8 та устун найзасимон учи кўкка бўй тутган қат-қат бурмали зангори гумбазни тутиб туради. Ротонда марказида нақшинкор миллий безаклар тортилган, Қуръон оятлари ўйиб ёзилган қабр тоши ўрнатилган. Бу муқаддас маконни ўзга юртларда хоки қолган юзлаб ватандошларимизнинг рамзий қабри, дейиш мумкин.
Иккинчи қисм бевосита анвойи, ранго-ранг гуллар, турли навли дарахтлар билан обод қилинган боғ ҳудудидир. Учинчиси, Бўзсув канали, тўртинчиси, канал устидан ўтказилган 100 метрли кўприк ва ниҳоят бешинчиси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейидир.
Ёдгорлик мажмуининг маънавий-маърифий маркази ҳисобланган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи 2002 йил 31 августда очилган. Шу йили юртимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” илк бор нишонланди. Шу куни оғир синовли дамларни бошдан кечирган меҳнаткаш халқимизнинг юракдаги ушалмаган орзулари амалга ошиб, қуёш нурлари каби қайта порлади.
Президентимизнинг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида музей биносини кенгайтириш бўйича қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилди, экспозиция тубдан янгиланди. Натижада бу ерда юртимиз фуқаролари, айниқса, ёш авлод қалбида миллий ўзликни англаш, тарихимиздан фахрланиш туйғусини уйғотишга хизмат қилувчи шарт-шароит яратилди. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ҳам, мазкур музей ҳам қисқа муддат ичида юртимизнинг энг гавжум зиёратгоҳларидан бирига айланди.
Мана, 15 йилдирки ушбу маскандан мамлакатимиз фуқаролари ва хорижий зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Бинобарин, ватандошларимиз хотирасини ёд этиш нафақат тарихий ҳақиқатни тиклаш, уларнинг пок номларини оқлаш, балки ибратли ҳаёти ҳамда кураши мисолида ёш авлод қалбида истиқлол ғояларига эҳтиром ва садоқат туйғусини тарбиялаш, ватанпарвар ҳамда халқсевар ота-боболарнинг олижаноб анъаналарини улар онги ва шуурига сингдириш, Тараққиёт, Бахт, Саодат ёғдулари таралган буюк келажагимиз эгаларини вояга етказиш ишига ҳам хизмат қилажак. Зеро, хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Ўзининг буюк келажаги сари интилаётган она-Ватанимиз — Ўзбекистонда эса тарихий анъаналар рўёбга чиқиб, миллий қадриятлар қадр топди, халқимизнинг орзу-армонлари ушалди.
Энг асосийси, юртимизда тинчлик ва осойишталик баробарида, инсон хотираси ва қадрининг юксак даражада улуғланаётгани Ўзбекистон истиқлол йилларида том маънода буюк давлатга айланганининг яна бир далолатидир.


Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,
«Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Яхшилик — умр мезони Ҳар тошида ҳикмат бор »