Яхшилик — умр мезони
  • 11 Май 2015

Яхшилик — умр мезони

Болалигим Иккинчи жаҳон уруши ортидаги азоб-уқубат, очарчилик ҳамда оғир меҳнатлар даврида ўтди. Инсон буларнинг барчасига чидаши мумкин, аммо маҳалладошларим, қариндош-уруғларнинг уйига тез-тез машъум хатларнинг келиши, рости, ҳар қандай кишининг ҳам юрак-бағрини эзиб юборарди.

Шукрки, мамлакатимиз истиқлолга эришди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, бедарак йўқолган ҳамда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг номи абадийлаштирилди. Хонадонларимиз файзи ва кўрки бўлган отахону  онахонларга эса чексиз ғамхўрлик, эътибор кўрсатилмоқда.
Айниқса, жорий йилнинг юртимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани нуронийларимизга бўлган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 мартдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, ҳудудимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ногиронларига етти юз минг сўмдан пул мукофоти берилди. Қолаверса, улар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизор ҳамда мобиль телефонлари билан бепул таъминланди. Худди шунингдек, Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийлари бир йилда бир маротаба ўзларига маъқул муддатда санаторий-соғломлаштириш сиҳатгоҳларида бепул дам олишлари белгилаб берилди. Бундай иззат-икром нуронийларнинг умрларига умр қўшиб, ҳаётига мазмун бағишламоқда.
Нафақадаги ўқитувчиман. Ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш, таълим-тарбияли қилиш — энг олий бурчим. Уларга бугунги тинч, осуда ҳаётимизнинг қадри ҳақида гапиришдан чарчамайман. Зотан, бу кунларга осонликча эришилгани йўқ.


Эркин ЛАТИПОВ,
меҳнат фахрийси.
Тошкент вилояти

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn