Миллий анъаналар намойиши
  • 05 Май 2015

Миллий анъаналар намойиши

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қабуллар уйида мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларининг маданий анъаналар ҳамда миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, элчихоналар иштирокида мунтазам ўтказиб келинаётган турли маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ва фестиваллар ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан бу гал ўн учинчи бор уюштирилган мазкур фестивалда АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Швейцария, Япония, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Малайзия каби қирққа яқин давлатнинг мамлакатимиздаги элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари қатнашди.
— Ушбу фестивалда иккинчи маротаба иштирок этаяпмиз, — дейди Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Эльс. — Бундай тадбирлар кишига алоҳида завқ бағишлайди. Миллий таомларимиз хилма-хил. Уларни татиб кўрганлар мазасига юқори баҳо беришди. Бундан хурсандмиз. Кези келганда шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, ўзбек ошхонасида тайёрланадиган ноз-неъматлар ҳам ранг-баранг ва хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Масалан, палов, манти, сомса каби миллий таомларингиз бутун дунёга машҳур. Одамларингизнинг очиқкўнгил, ширинсўз ва меҳмондўстлиги эса алоҳида эътирофга лойиқ. Мен шундай ажойиб юртда фаолият юритаётганимдан мамнунман.
Анжуманга ташриф буюрган меҳмонлар турли халқларнинг миллий таомларидан татиб кўриш, уларни тайёрлаш усуллари ҳақида маълумот олиш баробарида, маданиятлари, урф-одатлари, қадриятлари, миллий либослари, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар тадбирга янада кўтаринки файз бағишлади.


Фазлиддин АБИЛОВ.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Санъатимиз ғунчалари Эзгулик ифодаси »