«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»
  • 01 Май 2015

«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»

шиори остида Наманганда ёшлар фестивали ўтказилди

Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишлаб “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур акция эртамиз эгаларини юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда она-Ватанга дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш сингари мақсадларга қаратилган.
Ҳаракатнинг энг йирик лойиҳаси сифатида эътироф этилаётган анжуманнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунончи, вилоят маркази, туманлар, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда депутатлар, олимлар, ижодкорлар, спортчилар, эстрада хонандалари иштирокида уюштирилган учрашувларда минглаб йигит-қизлар қатнашганлиги фикримиз тасдиғидир.
Шунингдек, фестиваль доирасида “Оммавий  маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Президент асарлари билимдони”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби лойиҳалар, қолаверса, улкан ютуқларга эришган ўғил-қизлар, ёш тадбиркорлар билан учрашувлар, китобхонликни кенг тарғиб қилишга йўналтирилган тадбирлар ташкил этилди. Улардан бири — Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилган “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси тақдимоти ушбу муассаса тарбияланувчилари ёдида узоқ вақт сақланиб қолиши, табиий.
Ўз навбатида, Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан тадбир иштирокчилари вилоятда истиқомат қилаётган нуронийлар хонадонига ташриф буюриб, улар билан дийдорлашди. Бундан ташқари,  “Интернет ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ўқувчи-ёшларнинг дарс пайтида интернет кафеларда беҳуда вақт ўтказишининг олдини олиш ҳамда уларни глобал тармоқ орқали салбий таъсир қилувчи ахборотлардан муҳофаза этиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилди.
— Мазкур фестиваль биз, ёшларни эзгу ғоялар атрофида янада жипслаштиради, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Меҳриноз Аббосова. — Яна бир эътиборли жиҳати, “Камолот” ЁИҲ ҳомийлигида наманганлик ёшларнинг ижод намуналари алоҳида тўплам ҳолида чоп этиладиган бўлди. Бу эса уларни янада изланишга, ижод қилишга ундайди, рағбатлантиради.
Фестиваль доирасида Наманган шаҳридаги “Камолот” боғида спортнинг бир қатор турлари бўйича “Алпомиш авлодлари” беллашуви, таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ташкил этилди.
“Навбаҳор” стадионида уюштирилган гала-концерт якунида эса иқтидорли ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов сўзга чиқди.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn