Кўнгил обод, юрт фаровон
  • 29 Апрель 2015

Кўнгил обод, юрт фаровон

Мамлакатимизда “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимлар давом этмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Қуролли Кучлар Давлат музейида ташкил этилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-полковник Қ. Бердиев ва бошқалар таъкидлаганидек, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг чин маънода ажралмас қисмига айланган. Бундай олижаноб фазилатлар, айниқса, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида яққолроқ намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ҳам давлатимизнинг ушбу масалага нақадар юксак эътибор қаратаётганини тасдиқлайди.
Республикамизда нишонланадиган турли байрамлар, муҳим саналар арафасида кекса авлод вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш ҳам ўзига хос анъана  тусини олган. Бундай мулоқотларда юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти, рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар, ҳаётимиздаги янгиланишлар ҳақида сўз боради. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ватанимизнинг мусаффо осмонини асрашда, ҳар қандай офатларни остонамизга йўлатмаслик, она юртимизни фашизм балосидан ҳимоя қилишда кекса авлод вакилларининг қандай жасорат кўрсатгани, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшгани, мамлакатимизни тиклаш, унинг ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маънавий салоҳиятини оширишда нуроний кексаларимиз намоён этган фидойиликни биз ҳамиша катта миннатдорлик билан эслаймиз.
Бугун фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини ошириш зарур”.
Мана шундай оқилона сиёсат туфайли хонадонларимиз кўрки бўлган пиру бадавлат отахону онахонларимиз бугунги дориламон кунлардан баҳраманд бўлиб, умргузаронлик қилишмоқда.
Тадбирда нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги Fалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медаллари ҳамда пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
— Инсон умрида осойишталикнинг ўрни қанчалик муҳим эканини биз, кексалар ўз ҳаётимиз мисолида жуда яхши англаймиз, — дейди Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳамид Воҳидов. — Уруш сабабли жуда кўп машаққат чекдик. Ёшлик гаштини сура олмадик. Эсласак, юрагимиз эзилиб кетади. Шунинг учун ҳам бугунги фаровон кунларга етганимиз, юртимиздаги беқиёс ўзгаришлар, янгиланишлар, маъмурчиликни кўриб, шукрона айтишдан чарчамаймиз. Албатта, буларнинг барчаси истиқлол шарофати, тинчлик туфайлидир. Ушбу неъматларнинг қадрига етишимиз, асраб-авайлашимиз керак. Фарзандларимиз, невара-эвараларимизга насиҳат қилганда ҳам буни кўп уқтирамиз.
Тадбир иштирокчилари Қуролли Кучлар Давлат музейи экспозициялари билан танишдилар. Улар учун байрам дастурхони ёзилиб, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, маданият ҳамда санъат намояндалари иштирокида концерт намойиш этилди.


Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn