Истеъдод, маҳорат ва муваффақият
  • 24 Апрель 2015

Истеъдод, маҳорат ва муваффақият

Пойтахтимизда кўп овозли халқ чолғулари ансамбли ва оркестрларининг “Наврўз садолари” халқаро мусиқа кўрик-фестивали бошланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Бастакорлар, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри ҳамда Швейцариянинг ҳамкорлик бюроси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестиваль Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланди.

Унда мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, мазкур йўналишга ихтисослаштирилган лицей ва коллежлар, олий мусиқа ўқув юртларидаги, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан келган оркестр ҳамда ансамбллар, профессионал жамоалар қатнашмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У. Иноятов, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси С. Иномова ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодга замонавий таълим-тарбия бериш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, маънан бой, дунёқараши ва тафаккурини юксалтиришда кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.
Бу эса ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаш, истеъдодини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қароридан сўнг юртимизнинг барча ҳудудида мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган муҳташам таълим муассасалари бунёд этилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактаблари энг сўнгги ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлангани таълим сифатининг юксалишида муҳим омил бўлмоқда. Бундан ташқари, ёшларимизнинг миллий ҳамда жаҳон мусиқа санъатининг нодир намуналарини пухта ўзлаштиришларини таъминлаяпти.
Кўрик-фестиваль халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамбллар ижрочилиги йўлида изланаётган ёш истеъдодларни аниқлаш, бу бетакрор мерос намуналаридан миллий санъат ихлосмандларини баҳраманд этиш имконини бермоқда. Унда олтмишга яқин ижодий жамоа қатнашаяпти.
Фестиваль доирасида мусиқий чолғулар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ансамбль ва оркестрларнинг концерт дастурлари тадбир меҳмонларига завқ улашмоқда.
Тадбир доирасида миллий чолғулар ижрочилиги ва дирижёрлик ишига бағишланган халқаро конференция, маҳорат дарслари ҳамда жамоалар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтади.


Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn