Парижда ва Вашингтонда бўлиб ўтган тадбирлар ўзбек адабиёти ҳамда санъатига бағишланди
  • 18 Апрель 2015

Парижда ва Вашингтонда бўлиб ўтган тадбирлар ўзбек адабиёти ҳамда санъатига бағишланди

Парижда Ўзбекистон маданияти, санъати ва адабиёти кечаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилган ушбу тадбирда ЮНЕСКО, расмий ҳамда маданий-гуманитар доиралар вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари ва дипломатия миссиялари раҳбарлари қатнашди.

Ёзувчи Эркин Аъзамнинг француз тилига таржима қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси кўмагида Парижда нашр этилган “Эртаклар билан хайрлашув” китобининг тақдимоти кенг қамровли маросимнинг қизиқарли тадбирларидан бири бўлди. Мазкур тўпламдан ёзувчининг иккита қиссаси ва иккита ҳикояси ўрин олган. Шунингдек, маросимда истеъдодли рассомлар Ж. Умарбеков ва Б. Исмоилов ҳамда миниатюрачи рассом Д. Тошевнинг ўзбек тасвирий санъати ҳақида атрофлича тасаввур уйғотадиган ижод намуналари ҳам намойиш қилинди.
Шу билан бирга, маданий кечада франциялик мусиқачи ижросида ўзбек мусиқалари ҳамда Эркин Аъзам қаламига мансуб китобдан парчалар тингланди.
Тадбир якунида “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири айрим қатнашчилар билан суҳбатлашди.

Тьерри МАРИАНИ,
Миллий Ассамблеянинг “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси ўринбосари:
— Франция пойтахтида ташкил этилган ўзбек маданияти, санъати ва адабиёти кечаси Париж маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан Францияни ўзбек маданияти билан янада яқинроқ таништириш мақсадида уюштирилган бундай ажойиб ташаббусларни табриклайман ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайман. Айтиш жоизки, мана шу биргина тадбир орқали бугун мамлакатингизнинг замонавий адабиёти, тасвирий санъати ҳамда мусиқаси билан танишиш имкониятига эга бўлдик.
Французлар Ўзбекистонни, унинг кўп асрлик тарихи ва маданиятини, маҳобатли меъморий ёдгорликларини, Буюк Ипак йўлидаги афсонавий шаҳарларини яхши билади ҳамда қадрлайди. Республикангизга ҳар йили борадиган хорижлик сайёҳлар сони жиҳатидан Франция Европа мамлакатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллайди. Мазкур маданий кечанинг муҳим аҳамияти шундаки, у бизларда замонавий ўзбек маданияти ва адабиёти ҳақида атрофлича тасаввур уйғотди.

Ив Поззо ди БОРГО,
“Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, сенатор:
— Ушбу тадбирда Франция Сенати номидан иштирок этиш мен учун ғоят улкан шарафдир. Фикримча, маданий кечани ўтказишдан кўзланган мақсадга эришилди — барча қатнашчилар чексиз ҳайрат ва завқланиш туйғусини ҳис қилдилар.
Ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзамнинг маҳоратини алоҳида қайд этишни истардим. Унинг китоби француз тилига таржима қилингани ҳам бу ёзувчининг ижоди нечоғли кенг қамровли эканидан далолат бериб турибди. Қолаверса, франциялик пианиночи маҳорат билан ижро этган замонавий ўзбек мусиқалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Париждан сайланган сенатор сифатида шуни тасдиқлашим мумкинки, Ўзбекистон маданияти, санъати ва адабиётини тараннум этувчи мазкур ажойиб кеча шаҳримиз маданий ҳаётининг беназир воқеаларидан бири сифатида ёдда қолади.

Ванесса ОХАНА,
Рюэй-Мальмезон шаҳар муниципал кенгаши депутати:
— Ўзбекистоннинг машҳур тарихий шаҳарларидан бири — Бухоро билан ўзаро биродарлик алоқаларини ўрнатган Рюэй-Мальмезон шаҳри вакили сифатида ушбу ажойиб байрамда қатнашишдан чин дилдан хурсандман.
Бундай маданий тадбирларни ўтказиш бизнинг дўст халқларимиз ўртасидаги алоқалар ривожида муҳим ўрин тутади. Қолаверса, жорий йилда Бухоро ва Рюэй-Мальмезон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилганининг 15 йиллигини нишонлашимизни назарда тутсак, унинг аҳамияти нақадар улкан экани янада ойдинлашади.
Ажойиб республикангиздан ташриф буюрган тасвирий санъат ва адабиёт намояндалари туфайли мен ва кечанинг бошқа иштирокчилари Ўзбекистоннинг бой анъаналари, санъати ҳамда маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлдик. Бу бизларда мамлакатингизга бориш ва ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўриш истагини уйғотди.

Ф. МАРК,
“Alex” компанияси президенти:
— Ажойиб ҳамда жуда мазмундор ва ёрқин чиқишлардан иборат мазкур тадбирда қатнашганимдан беҳад мамнунман.
Айтиш керакки, ўзбек рассомларининг қизиқарли ижод намуналари маҳоратнинг юқори даражаси, ёрқинлиги ҳамда рангларнинг бениҳоя аниқ танлангани ҳамда уйғунлиги билан ажралиб туради. Шу боис барчамиз ушбу ижодий ишларнинг гўзаллиги ва нафислигига шайдо бўлдик. Чунки улар бир пайтнинг ўзида ҳам монументал миллий ўзига хосликни, ҳам ижоднинг анъанавий ва илғор йўналишларини акс эттирган.
Қолаверса, ўзбек миниатюрачи рассоми ишларининг кўргазмаси менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон санъати тарихининг серқирралиги ва ўзига хослигини кўрсатиб берадиган ушбу ноёб ижод тури, афсуски, Францияда ҳозирча кам танилган. Шу боис бундай тадбирларни янада кўпроқ ўтказиш керак, деб ўйлайман. Улар, том маънода, бир-бирини ўзаро тушунишга, бир-бирини бойитишга ҳамда халқларни ва маданиятларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Эркин Аъзамнинг француз тилига таржима қилинган “Эртаклар билан хайрлашув” китоби тақдимоти, айниқса, муаллиф қўлидан у дастхат битган китобни олиш жуда ёқимли бўлди. Шубҳасиз, мен бу китобни катта қизиқиш билан ўқиб чиқаман. Ишончим комилки, уни мутолаа қилиш асносида ёзувчи ҳақидаги ҳамда ўзим чуқур ҳурмат қиладиган ўзбек халқининг бугунги куни ва тарихи ҳақидаги билимларим янада ошади.
* * *
Худди ана шундай кеча АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали аъзолари, дипломатия корпуси, ишбилармон, илмий-таҳлилий ва маданий доиралари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида Вашингтонда ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбек маданияти кечасини олиб бориш асносида “NBC4 Washington” телеканалининг таниқли бошловчиси Барбара Харрисон маданият ҳамда санъат халқлар ва одамлар ўртасидаги яқинлашув ҳамда бир-бирини тўғри тушунишнинг универсал тили ҳисобланишини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у мамлакатимизнинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан Вашингтон шаҳрида ташкил этилган мазкур тадбирга юксак баҳо берди. Ушбу маданий кеча АҚШ жамоатчилигига ўзбек халқининг бой тарихий мероси ҳамда кўҳна ёдгорликларини авайлаб асраш ва уларни қайта тиклаш юзасидан мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш имкониятини яратди.
Маданий тадбир доирасида ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Эртаклар билан хайрлашув” китоби тақдимоти ҳамда иқтидорли рассомлар Ж. Умарбеков ва Б. Исмоилов ижодий ишларининг экспозицияси намойиши бўлиб ўтди. Иқтидорли ёш пианиночи Ф. Аҳмедованинг чиқишлари эса кечага алоҳида шукуҳ бағишлади.
Ўзбекистон маданияти, санъати ва адабиёти кечаси хусусида тадбирнинг айрим иштирокчилари қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Грейс ШЕЛТОН,
АҚШ давлат департаментининг Марказий Осиё офиси директори:
— Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилган ушбу маданий тадбирда қатнашиш менга катта завқ-шавқ бағишлади. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг инглиз тилида нашр этилган “Эртаклар билан хайрлашув” номли китобини унинг дастхати билан олганимдан эса жуда хурсандман.
Биз бугун маҳоратли пианиночи Ф. Аҳмедованинг чиқишларидан ҳамда ўзбек рассомлари Ж. Умарбеков ва
Б. Исмоиловнинг ижодий ишларидан ҳам завқланиш имконига эга бўлдик.

Майкл ЛАЛЛИ,
АҚШ савдо вазири ёрдамчисининг ўринбосари:
— Мазкур маданий кечада иштирок этиш мен учун катта шарафдир. Унга таклиф этгани учун Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонасидан миннатдорман. Биз икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги
савдо-сармоявий алоқаларни янада кенгайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

Марта ОЛКОТТ,
Мичиган университети профессори:
— Ушбу ажойиб тадбир АҚШ жамоатчилигига бой ва серқирра ўзбек маданиятининг турли жиҳатлари, жумладан, кўҳна анъаналарга асосланган адабиёти, мусиқаси ҳамда замонавий бадиий санъати билан яқиндан танишиш имкониятини яратди. Фурсатдан фойдаланиб, халқингизнинг “Ҳечдан кўра кеч яхши” мақолига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон аҳлини баҳор байрами, яшариш ва янгиланиш рамзи бўлмиш Наврўзи олам билан ҳам табриклашни истар эдим.

Кэрол Робертсон ЛОПЕС,
Бухоро — Санта-Фе биродар шаҳарлар биродарлик алоқалари қўмитаси раиси:
— Мазкур ҳайратланарли маданий кеча менда унутилмас таассуротлар қолдирди. Биз бу ерда фавқулодда истеъдодли икки ўзбек рассомининг тасвирий санъат асарлари билан танишдик, ёш пианиночи ижросида жаҳонга машҳур мумтоз мусиқадан завқ олдик ҳамда ўзбек ёзувчисининг китоби тақдимотининг иштирокчисига айландик.

«Жаҳон» АА.
Париж — Вашингтон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn