Юксак маънавият, пухта билим ва шижоат
  • 17 Апрель 2015

Юксак маънавият, пухта билим ва шижоат

Юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларимизни ана шундай фазилатлар соҳиби этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, пухта билим, юксак маънавият ҳамда жисмоний чиниқиш — инсонни етуклик сари чорловчи муҳим омиллардир.

Шу боис истиқлол йилларида мамлакатимизда замонавий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш жараёнига илғор педагогик технологияларни кенг татбиқ этиш каби устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Қолаверса, ўғил-қизларни санъат, мусиқа ва спортга ошно қилиш борасида эзгу ишлар амалга оширилаётгани туфайли янги-янги истеъдод ҳамда иқтидор эгалари бўй кўрсатмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятида 2003 — 2014 йиллар давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 110 дан зиёд спорт иншооти, 11 болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўз навбатида, улар замон талабларига мос ўқув жиҳозлари, илғор асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Узун туманида бунёд этилган 3-болалар мусиқа ва санъат мактаби — шулардан бири.
— 150 нафар ўқувчига мўлжалланган муассасамиз биносини барпо этиш учун 2 миллиард 672 миллион сўмликдан кўпроқ маблағ сарфланди, — дейди унинг директори Холмурод Назаров. — Натижада ёруғ, шинам ва кўркам синфхоналарга эга бўлдик. Чанг, рубоб, ноғора, най сингари миллий чолғу асбоблари билан таъминландик. Ҳозир бу ерда ўғил-қизларга фортепьяно, анъанавий хонандалик ва созандалик, рақс, театр санъати, тасвирий санъат, амалий санъат сингари йўналишлар бўйича сабоқ берилаяпти.
Албатта, эътибор ҳамда рағбат — истеъдоднинг қаноти. Бугун тажрибали устозларидан мусиқа ва санъат сирларини пухта ўзлаштираётган узунлик ёшлар ҳам ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб улғаймоқда. Пировардида улар туман, вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган турли танлов ҳамда фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келишаяпти.
Жумладан, 2014 йили бўлиб ўтган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг вилоят босқичида мазкур мактаб ўқувчиси Умид Шукуров, “Камалак болалари ижодиёти” фестивали ҳудудий босқичида эса Элёр Чориев ғолиблар сафидан жой олди. “Баркамол авлод” кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам мактаб жамоаси учун эсда қоларли бўлди. Унда шу масканда таълим олаётган истеъдодли доирачилар биринчи ўринни эгаллашди.
Айни пайтда мактаб педагогик жамоаси ўқувчиларнинг ўзлари танлаган йўналишлар бўйича чуқур фундаментал билим олишларини таъминлаш мақсадида илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ёш авлод қалбида эзгуликка интилиш ҳиссини камол топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, мусиқа ва санъат — кўнгил тарбиячиси.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дўстлик фестивали Баҳор неъматлари »